Уйда туриб ишлаш учун 7 сервис

Уйда туриб ишлаш учун 7 сервис

Карантин компаниялар ишини буткул тўхтатиб қўймаётган бўлса-да, иш фаолиятини анча секинлаштириб юбормоқда. Бир қатор ташкилотлар аллақачон ходимларини офисга келиб ишлаш мажбуриятидан озод қилган. Шу билан бирга, ходимлар ҳам вазифаларни уйда туриб бажаришни уддаламоқда.

Қийида уйдан туриб ишловчи ходимлар учун энг яхши сервислар рўйхатини тузиб чиқдик. Бу сервислар, ишни ташкиллаштириш, вақтни тақсимлаш, биргаликда ишни таҳлил қилиш ва ҳоказоларга кўмаклашади.

Trello

Вазифаси: ишни ташкил қилиш
Нархи: бепул
Сайти; iOS учун юклаш; Android учун юклаш

Бу сервис вазифаларни режалаштирувчи ва гуруҳ бўлиб ишлашга кўмаклашувчи дастур ҳисобланади. Сервис кўпроқ раҳбарлар учун фойдали, чунки унда вазифалар сони ва бажарилишини қулай тарзда кузатиб бориш мумкин.

Иш қуйидагича ташкил қилинади. Устун шаклида қаторлар яратасиз. Масалан, «фикрлар», «жараён», «топширилган» ва «мижоз томонидан қабул қилинган». Биринчи қаторга ходимларнинг лойиҳаларини билдирувчи карточкаларни жойлаштирасиз.

Карточкаларни ишнинг боришига қараб кўчириб борасиз. Агар ходим вазифасига киришса, карточкани «жараён» устунига кўчирасиз. Топшириқ бажарилганда, уни «топширилган» устунига, маҳсулот буюртмачи томонидан қабул қилинганда эса «мижоз томонидан қабул қилинган» устунига кўчирасиз ва ҳоказо.

Timely

Вазифаси: ишни ташкил қилиш, ўзини-ўзи ташкиллаштириш
Нархи: бепул
Сайти; iOS учун юклаш; Android учун юклаш

Бу сервис вақти тиғиз инсонлар ёки шунчаки прокрастинация (ишни кейинга қолдириш) билан курашишни мақсад қилганлар учун. Дастур бирор-бир ишга сарфланадиган меҳнат, вақт ва харажатни автоматик тарзда ҳисоблайди.

Timely браузерда ишлайди. Фақатгина, уни компьютерда қўллаш учун фаол дастурлар ва уларда сарфланган вақтни аниқлайдиган дастур-агентни ўрнатиш керак бўлади.

Сўнгра Timely ҳар бир ходим учун созланиши керак. Раҳбар эса маълум бир вақт кесими учун вақт оралиғи, валюта ва нархни танлайди.

Timely нафақат ташкилотлар, балки ўз кунлик режимини тартибга солишни хоҳловчилар учун ҳам керак бўлади. Сервис компьютерингиздаги дастурлар фаолияти тўғрисида маълумотларни тўплайди ва электрон тақвим билан синхронлаштиради. Шундай қилиб, у кун давомида сиз қайси дастурлардан қанча вақт мобайнида фойдаланингизни кўрсатиб боради.

Slack

Вазифаси: мулоқот
Нархи: бепул, қўшимча харидлари билан
Сайти; iOS учун юклаш; Android учун юклаш

Бу корпоратив мессенжер Skype, почта ва шунга ўхшаш сервислар ўрнини босиш мақсадида яратилган.

Slack'нинг ўзига хос хусусиятларидан бири бу — унинг Google Drive, Google Docs, Twitter, Trello, Hangouts, Dropbox, GitHub каби бошқа сервислар билан синхронизациясидир.

Учта тарифи мавжуд: Free тарифи (бепул), Standard тарифи 6,67 доллар ва Plus тарифи (кенгайтирилган) 12,50 доллар. Базавий версиясида (яъни Free тарифи) ҳар бир фойдаланувчи 10 минг хабар, 10 та илова билан интеграция имконияти ва маълумот сақлаш учун 5 гигабайт жойга эга бўлади. Пуллик версияларида эса чекловлар олиб ташланади.

Zoom

Вазифаси: видеоконференция
Нархи: бепул, қўшимча харидлари билан 
Сайти; iOS учун юклаш; Android учун юклаш

Сервис 100 тагача қатнашчини ўз ичига олган конференцияни ташкил қилиш имконини беради. Бунда қатнашчилардан бири ташкиллаштирувчи сифатида қолган қатнашчиларни видеоқўнғироққа таклиф этади.

Сервисда вақт чеклови мавжуд. Унинг бепул версиясида конференция давомийлиги 40 минутгача бўлиши мумкин. Пуллик версиясида эса чекланмаган. Бундан ташқари, унда суҳбатдошингиз қайдларини бошқаришингиз, организаторларни тайинлашингиз ва ҳисоботлар яратишингиз мумкин.

Google Drive

Вазифаси: файлларни сақлаш ва узатиш
Нархи: бепул, қўшимча харидлари билан
Сайти; iOS учун юклаш; Android учун юклаш

Агар сизда Google Drive бўлса, айтиш мумкинки, энг яхши сервис сизнинг қўлингизда. Бу дастурнинг асосий хусусияти — яратувчининг «сахийлиги»дир. Google бу сервисда фойдаланувчига 15 гигабайт жой ажратади. Таққослаш учун, Dropbox атиги 2 гигабайт, Yandex.Disk эса 10 гигабайт жой беради, холос.

Google Drive сервисида маълум бир аккаунт ёки барча фойдаланувчи файлларга кириши мумкин. Шунингдек, файлларни бошқа фойдаланувчилар билан ҳамкорликда таҳрирлаш имкони мавжуд.

Google Docs

Вазифаси: матнларни таҳрирлаш
Нархи: бепул
iOS учун юклаш; Android учун юклаш

Матн таҳрири учун энг қулай сервис бўлиб, Google Drive'га бирлашган. Икки афзаллиги мавжуд: ҳужжатлар булутда — жой эгалламайди ва инструментлар тўплами мутлақо бепул.

Сервис қуйидагича ишлайди. Муаллифлик ҳуқуқига эга фойдаланувчи матнни топширади. Таҳрирчи матнни тўғрилаш учун матндан парчани ажратиб олади. Сўнгра, «изоҳ қолдириш»ни танлайди ва фикр-мулоҳазаларини ёзади. Агар муаллиф таҳрирчининг мулоҳазасига рози бўлмаса, матнни тўғрилашдан олдин изоҳга жавоб ёзади.

Бундан ташқари, бу сервисда матн таҳрирчи ва мижоз томонидан биргаликда таҳрирланиши мумкин. Агар иккаласи ҳам Google'да авторлаштирилган бўлса, муаллифни адаштириб юбормаслик учун изоҳлар исм билан қолдирилади.

World Time Buddy

Вазифаси: турли минтақалардаги вақтни аниқлаш
Нархи: бепул 
Сайти; iOS учун юклаш; Android учун юклаш

Бу сервис вақт минтақалари конвертеридир. Агар ходимингиз карантин туфайли яшаш жойини ўзгартирса, бу дастур сизга асқатади. Бир неча сония ичида, ҳеч қайси томонга ноқулайлик туғдирмасдан, ходим вақтини аниқланг ва лойиҳа муҳокамасини режалаштиринг.

World Time Buddy Google хизматлари билан синхронлашган. Сиз унда видеоконференция белгилашингиз ёки турли шаҳар ва давлатлардаги вақт минтақалари бўйича электрон мактублар ёзишингиз мумкин.

Энди сизнинг жамоангизда уйда ишлашда ноқулайликлар бўлмайди. Бу сервислар ёрдамида ишингизни беками-кўст давом эттирасиз. Ишонмасангиз, синаб кўринг.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг қиммат 10 смартфон

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!