Уйларимиздаги янгича – «ақлли» электр счётчиклари: ўғрими ёки тўғри?

  •   DiMaX
  •  11582
  •  29.01.2020 11:34

Уйларимиздаги янгича – «ақлли» электр счётчиклари: ўғрими ёки тўғри?

Мамлакатимизда босқичма-босқич равишда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими амалиётга татбиқ этилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ўтган йилда 2,5 миллион дона янги ҳисоблагич ўрнатилган бўлса, жорий йилда уларнинг сонини 4,5 миллионтага етказиш режалаштирилган.

ЎҚИНГ: «Ўзтрансгаз» учун уч ярим миллионта газ ҳисоблагични Artel ишлаб чиқариши мумкин

Бу яхши, албатта. Аммо кейинги пайтда ўзаро суҳбат ва ижтимоий тармоқларда мазкур мавзу кенг муҳокама қилинмоқда. Гап шундаки, янги ҳисоблагичлар ҳақида «Кўп пул ёзар экан», «Тез айлантирар экан», «Ўғри ҳисоблагич» каби таърифу тавсифлар билдирилмоқда.

Хўш, «ақлли» ҳисоблагичлар ҳақидаги бу эътирозлар қанчалик тўғри? «Ishonch» газетаси таҳририяти «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддиларига ушбу савол билан мурожаат этган ва жавобларни эълон қилган.

– Янги ҳисоблагич электр энергиясининг кичик сарфини ҳам пайқайди ва ҳисоблайди, – дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг электр энергияни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш дирекцияси директори Даврбек Имомов. – Масалан, кўпчилигимизнинг уйимизда компьютер, телевизор каби қурилмалар ишлатилмаган пайтида ҳам «кутиш» режимида қолдирилади. Мобиль телефонни қувватлаш мосламаси ҳам телефондан узилса-да, электр манбаидан олинмайди. Эътибор қилсангиз, буларнинг барчасида «қизил нуқта» ёниқ туради. Олдинги механик ва электрон ҳисоблагичларнинг ушбу қизил нуқталарга оқиб кетаётган энергияни ҳисоблаш хусусияти йўқ эди. Янги ҳисоблагичлар эса барчасини ҳисоблаш хусусиятига эга. Натижада электр жиҳозларини тармоқдан ажратмасдан «кутиш» функциясида қолдириш юртдошларимизга ортиқча харажатларни келтириб чиқармоқда. Хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир ҳисоблагич инсон омили таъсирисиз алоҳида метрологик кўрикдан ўтказилади. Агар у белгиланган метрологик меъёрлар талабига жавоб бермаса, сотувга чиқарилмайди.

Мутахассис билан мулоқот чоғида маълум бўлдики, янги ҳисоблагич эски ҳисоблагичга нисбатан 3-5 фоизга кўпроқ ҳисоблайди, аммо бу – ўзимиз ишлатган энергияни аниқ ва сезгирлик билан ҳисоблаши эвазига. Асло ўғри эмас!

ЎҚИНГ: Хоразмда «шамол генератори» ишлаб чиқарилади

Шу пайтгача ташкилотнинг ўзига ҳам ҳисоблагич «кўп ёзаётгани» тўғрисида шикоятлар келиб тушган. Шунда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг электр энергияни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш дирекцияси ходимлари юртдошларимизнинг кўнглидаги ишончсизликка барҳам бериш учун ҳисоблагичнинг устидан фуқароларнинг олдинги уйида турган ҳисоблагичларини ўрнатишди. Икки ҳафта ёки бир ойдан сўнг иккала ҳисоблагич кўрсаткичлари таққосланганда эса юртдошларимиз янги ҳисоблагич тўғри ишлаётганига, фарқ арзимас даражада камлигига амин бўлишди.

– Биз ўтган йилнинг сўнги олти ойи давомида 50 та хонадонда янги ҳисоблагичга параллел равишда олдинги эски ҳисоблагичларни ўрнатиб, фуқароларга янги ҳисоблагич фаолиятига холис баҳо бериш имконини яратдик, – дейди Д. Имомов. – Барча ҳолатларда ҳам юртдошларимиз янги ҳисоблагич тўғри ишлаётганига гувоҳ бўлишди. Агар янги ҳисоблагич фаолиятига шубҳа билан қараётган юртдошларимиз бўлса, ходимларимиз уларнинг уйида ҳам бу тажрибани амалга ошириши мумкин. Ана шунда ҳаммаси ойдинлашади. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтсам, албатта янги тизимга ўтиш энди бошлангани учун ҳали муаммоларимиз мавжуд. Масалан, айрим ҳолларда ҳисоблагичлар кўрсатилган меъёрлар асосида ўрнатилмагани оқибатида уларнинг нотўғри ишлаши учраб турибди. Бундан ташқари, ҳисоблагич автоматик ўчганда тўлов қилинишига қарамасдан ўз вақтида ёнмаётган ҳолатлар ҳам учраяпти. Бунинг сабаби, тизимнинг алоқа операторлари ва интернет билан боғлиқлигидир. Интернет яхши ишламаётган ҳудудларда бу муаммолар кўпроқ кузатиляпти. Ҳозирда бундай муаммоларни бартараф этиш устида ишлаяпмиз.

ЎҚИНГ: Коммунал тўловлардаги қарздорликлар ҳақида Telegram орқали маълумот оламиз!