.UZ доменига 24 йил тўлди

.UZ доменига 24 йил тўлди

Тошкент шаҳрида «Ягона интегратор UZINFOCOM» МЧЖ ҳамда ICANN (АҚШ) интернет-корпорацияси ва Австралиянинг миллий домени маъмури — auDA компанияси кўмагида Осиё-Тинч океани юқори даражали доменлар уюшмаси APTLD томонидан ташкиллаштирилган халқаро техник конференция бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали хабар беради.

Конференцияда AEServer (БАА) компанияси, Afilias (Ирландия), GransyS.R.O (Чехия), Миср телекоммуникация соҳаси регуляторлари, миллий доменларни мувофиқлаштириш маркази (Россия) ҳамда Афғонистон ахборот технологиялари ва коммуникациялар взирлигининг вакиллари ҳамда Афғонистоннинг .AF миллий домени рўйхатдан ўтказувчиси (регистратор) вакиллари иштирок этишмоқда.

Тадбир дастурида DNSSEC (домен номи тизимининг DNS пртоколи учун хавфсизлик кенгайтмаси мажмуи) масалалари бўйича, шунингдек, миллий доменларда маркетинг қарорларини амалга оширишда энг яхши амалиётлар бўйича тренинглар ва семинарлар ўтказиляпти. Бундан ташқари, .AF домен вакиллари учун Афғонистон халқларининг миллий алифболарини қўллаш орқали миллий доменларни ривожлантириш бўйича тренинглар ташкил этилади.

«UZINFOCOM» МЧЖ бош директори Ж.Раҳимовнинг қайд этишича, Тошкентда бундай турдаги конференциянинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг минтақада АКТ ва интернет соҳасидаги илғор тажрибалар марказига айлангани, унинг домен соҳаси ривожидаги роли минтақавий ва глобал миқёсда тан олинганининг белгисидир.

«Осиё-Тинч океани минтақасидаги миллий домен регистраторлари жамоалари ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш имконини берувчи ушбу новатор конференцияни ўтказишга имконият яратгани учун Ўзбекистон ҳукумати ва «UZINFOCOM» компаниясига миннатдорлик билдирамиз» – деди APTLD ижрочи директори Л.Тодоров.

Ўндан зиёд хорижий мамлакатлар аъзолари иштирокида ўтказилаётган конференция 28 апрелга қадар давом этади.

Маълумот учун: 1995 йилда интернет тармоғида домен зоналарини тақсимлашни назорат қилган Жанубий Калифорниянинг информатика институти университети .UZ миллий домен яратиш бўйича талабни тасдиқлади. Бугунги кунда .UZ доменига 24 йил тўлди.

2003 йилнинг март ойидан бошлаб « UZINFOCOM» МЧЖ .UZ миллий доменининг маъмури ҳисобланади.

Миллий доменни маъмурлаш ҳуқуқи ICANN интернет-корпорацияси билан имзоланган битимга мувофиқ тақдим этилган. Ҳозирги кунда .UZ зонасидаги доменларни рўйхатдан ўтказиш хизматлари 24 та ташкилот томонидан кўрсатилмоқда.

ЎҚИНГ: «Uzinfocom» доменларни рўйхатга олиш фаолиятини тўхтатди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.