Ўзбек фермерлари қуёшдан энергия олмоқда

Ўзбек фермерлари қуёшдан энергия олмоқда

2013 йилнинг 1 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинганди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Республиканинг барча минтақаларида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Ижтимоий соҳа иншоотлари, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги тизимларида қуёш, шамол ва бошқа муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кенг йўлга қўйилмоқда.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги “Повулғон бўстони” фермер хўжалигида ҳам қуёш панеллари ёрдамида энергия олинаяпти. “Бу, айниқса, тоғли ҳудудлар ва қир-адирларда боғдорчилик, сабзавотчиликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради”, деб хабар беради Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги расмий сайти.

Маълумотларга кўра, айни пайтда кўчатлар қуёш панеллари ёрдамида қудуқдан чиқарилаётган сув билан суғорилмоқда. Электр ва сув таъминотидаги узилишлар бартараф этилган ва ҳосилдорлик ҳам ошган. Фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Охунжоновнинг таъкидлашича, бу йил фермер хўжалигида томчилатиб суғориш усули ҳам йўлга қўйилади. Шунингдек, жорий йилда вилоят ҳудудида 2 та биогаз қурилмаси, 1 та энергия тежайдиган насос ҳамда сув иситиш коллектори қурилиши режалаштирилган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!