Ўзбекистон банклари Uzpaynet агентларини терминаллар билан таъминлай олмади

Ўзбекистон банклари Uzpaynet агентларини терминаллар билан таъминлай олмади

Ўзбекистонда фаолият юритувчи Uzpaynet компанияси агентлари 1 мартдан ўзлари истар-истамас қоидабузарлар тоифасига кириб қолишди.

Бугун ҳам кечагидек, Тошкент ва бошқа шаҳар ҳамда туманларда PAYNET хизмати орқали тўловлар учун фақат нақд пул қабул қилинмоқда. «Терминал йўқми?» саволига ходимлар елкаларини учириб қўйишмоқда. Шундай ҳолатга дуч келган Podrobno.uz ходими ушбу масала юзасидан изоҳ сўраб Uzpaynet компаниясига мурожаат қилган, деб ёзмоқда Kun.uz.

«Ўзбекистон Президентининг 15 февралдаги «Пул айланмасини такомиллаштириш ва пластик карточкалар орқали тўловларни ривожлантириш тўғрисида»га қарори қабул қилинганидан сўнг, биз барча агентлар билан боғланиб, терминаллар бор-йўқлиги борасида ўзига хос инвентаризация ўтказдик. Кўпчиликда бу қурилма йўқлиги аниқланди. Бизнинг талабимиз бўйича барча агентлар зудлик билан ўзларига хизмат кўрсатувчи банклар билан боғланишган ва терминал сўраб ариза ёзишган», – деган компаниядаги агентлик манбаси.

Уларнинг мурожаати эса ўтган давр мобайнида ижобий ҳал этилмаган, чунки маълум бўлишича, банклар ихтиёрида катта миқдорда терминаллар бўлмаган, борлари ҳам тадбиркорлик субъектларига тарқатилган. Президент қарорида етишмаётган терминаллар «қисқа муддатда» олиб келиниши, рўйхатдан ўтказилиши ва талабгорларга етказилиши уқдирилганди.

Умуман олганда шундай вазият юзага келишини кутиш мумкин эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу қарори эълон қилингач, пойтахт ҳокимиятида матбуот анжумани ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси вакилининг маълум қилишича, чакана савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш шохобчаларини инвентаризациядан ўтказиш бўйича илк 4 кунда 1700га яқин терминал етишмаслиги аниқланган. «Текширув якунида 5000−6000 терминал етмаслиги аниқланиши эҳтимол», – дейишганди солиқчилар.

Қисқа муддат, яъни 14 кун мобайнида бундай танқисликнинг ўрнини тўлдириш имкони бўлмаган кўринади. Шунга кўра, 1 мартдан терминали йўқ чакана савдо ва пулли хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолият юритишлари ноқонуний ҳисобланади. Шу ўринда савол туғилади: терминал олишни хоҳлаётган, аммо терминални ололмаётганлар нима қилсин?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!