Ўзбекистон Беларусь билан бирга ватанпарварлик руҳидаги электрон ўйинлар яратади

Ўзбекистон Беларусь билан бирга ватанпарварлик руҳидаги электрон ўйинлар яратади

2017 йилнинг 17-19 апрель кунлари Ўзбекистон Республикасининг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Алоқа соҳасида ҳудудий ҳамдўстлик ташкилотига аъзо мамлакатлардаги алоқа маъмурлари раҳбарлари кенгашининг йиғилиши доирасида Беларусь Республикасининг Минск шаҳрида бўлди. Бу ҳақда Kun.uz ёзмоқда.

Ташриф давомида Беларусь Республикасининг Алоқа ва ахборотлаштириш вазири Сергей Попков, Россия Федерациясининг Алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири Николай Никифоров, Қозоғистон Республикаси Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев ҳамда Қирғизистон Республикаси Ахборот технологиялари ва алоқа бўйича давлат қўмитаси раҳбари Эшмамбет Аматовлар билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга оид учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувлар давомида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалга ошириш мумкин бўлган манфаатли ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, Минск шаҳрида Шерзод Шерматов ҳамда Халқаро Электралоқа Иттифоқи ташкилотининг бош котиби Хоулин Чжао ўртасида учрашув ташкил этилиб, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Иттифоқ ўртасидаги алоқаларнинг истиқболи муҳокама қилинди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Беларусь Республикасининг Юқори технологиялар паркида бўлиб, маҳаллий бозорда янги ва юқори технологиялар, жумладан дастурий таъминот ҳамда ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асослари, жаҳон бозори талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришда Беларусь тажрибаси билан яқиндан танишди.

Музокаралар натижасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Беларусь Республикасининг Юқори технологиялар парки ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат асосида АКТ-парклар фаолиятини ташкил қилиш, шунингдек АКТ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тажриба алмашиш келишиб олинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда Беларуснинг Юқори технологиялар паркининг Таълимий маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, Wargaming компьютер ўйинлари ишлаб чиқарувчи компания вакиллари билан ўтган учрашувда ватанпарварлик руҳидаги электрон ўйинларни яратиш бўйича битим имзоланди.

Ўзбекистон делегацияси Минск шаҳридаги «Белтелекабел» компаниясида ҳам бўлиб, муассаса фаолияти, хусусан кабел-ўтказгич ишлаб чиқаришнинг техник параметрлари, уни хорижий мамлакатларга экспорт қилиш жараёнлари билан танишиб, Тошкент шаҳрида оптик алоқа кабеллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона очиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Учрашув чоғида ҳамкорлар 2017 йилнинг сентябрь ойида ўтказиладиган Ўзбекистон Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталигига расман таклиф этилдилар.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.