Ўзбекистон “мобил қуллик”ка қарши Латвия билан ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон “мобил қуллик”ка қарши Латвия билан ҳамкорлик қилади

20 июн куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида «Hansa Telecom» (Латвия) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди. Хусусан, «Hansa Telecom» компанияси истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари рақамларини операторлараро кўчириш хизмати — (MNP– mobile number portability)ни йўлга қўйиш бўйича лойиҳани амалга оширишни таклиф қилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Меҳмонларнинг фикрича, ушбу лойиҳа мобил алоқа операторлари ўртасида рақобатни кучайтириб, абонентларга ўзларининг рақамларини сақлаб қолган ҳолда бошқа оператор хизматларига ўтиш имконини яратади.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни давом эттиришга хайрихоҳлик билдириб, ушбу лойиҳани ҳар томонлама кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Жорий йилнинг 17 май куни вазирлик томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ҳам “Ўзбектелеком” АК раҳбари Шуҳрат Қодиров сўнгги 3-4 ой давомида бу масала ҳукумат ва мобил алоқа операторлари билан муҳокама қилинаётгани, ҳуқуқий ва техник асослари ўрганилаётганини маълум қилган эди.

Бу лойиҳа амалга ошириладиган бўлса, муайян оператор абоненти бошқа мобил операторнинг хизматларидан фойдаланишга қарор қилган тақдирда, ўзининг мобил телефон рақами ёки сим-картасини ўзгартиришига зарурат қолмайди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтда юртимизда мобил алоқа абонентлари сони 21,5 миллионни ташкил қилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.