Ўзбекистонда биринчи политехника музейи очилди

Ўзбекистонда биринчи политехника музейи очилди

Музей Тошкент шаҳри марказидага “Ўзавтосаноат” компаниясининг янги биносида жойлашган. Унинг экспозицияси уч бўлимдан иборат:

  1. Жаҳон автомобилсозлик тарихи
  2. Ўзбекистон автомобиль соҳаси тарихи
  3. Интерактив амалий машғулот

Биринчи бўлимда жаҳонга таниқли “Фольксваген Қўнғиз”, “Москвич-400”, ГАЗ-13, Чайка каби автомобиллар намойиш қилинган. Шунингдек, ғилдирак қачон пайдо бўлгани ёки биринчи серияли ишлаб чиқарилган автомобиль қай кўринишда бўлгани каби қизиқарли фактлар мавжуд.

“Ўзбекистон автомобиль соҳаси тарихи” бўлимида “Ўзавтосаноат” компанияси таркибига кирувчи корхоналар, мамлакатда ишлаб чиқарилган биринчи автомобиль ҳақида ва бошқа кўплаб маълумот олиш мумкин. “Spark автокомпонентлари” экспозициясида бу машинанинг барча деталлари намойиш этилган. Кўргазмада 3D-mapping томоша усулидан фойдаланилган.

“Интерактив амалий машғулот” бўлими фан-техника оламига саёҳатдан иборат. Ҳар бир экспонат бирор-бир физика қонунини акс эттиради. Унда абадий двигатель, Архимед ричаги, Ньютон маятниги ва бошқа физик ашёлар мавжуд.

Музейда иллюзия хонаси мавжуд, унда рақс тушувчи роботларни, Тесла ғалтаги томошасини, кўзгу лабиринтини кўриш, “шифтда юриш” мумкин.

Болалар учун рангли коптокчаларда “чўмилиш”, машинада сайр қилиш каби майдончалар бор.

Музей иш режими:

1-қават («Жаҳон автомобилсозлик тарихи», «Ўзбекистон автомобиль соҳаси тарихи») — 10:00дан 18:00гача, чипта нархи — 5000 сўм (экскурсия хизмати бир киши учун 1500 сўм).

2-қават («Интерактив амалий машғулот») — сеанслар 10:00, 12:00, 14:00, 16:00да, чипта нархи 15 минг сўм.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!