Ўзбекистонда тўловларни терминал эмас, QR-код орқали тўлаш мумкин бўлади

Ўзбекистонда тўловларни терминал эмас, QR-код орқали тўлаш мумкин бўлади

Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ)нинг хабар берилишича, айни пайтда тўлов тизимида терминал орқали тўлаш ўрнига QR-код орқали тўловни амалга ошириш тизими жорий этилмоқда.

Савдо терминалидан фойдаланмасдан тўловни амалга оширишнинг янги тизими Вазирлар Маҳкамасининг “2016-2018 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғриси”ги Қарорини (2015 йил 4 декабрдаги) рўёбга чиқариш доирасида молиявий хизматлар бозорида онлайн-имкониятларни кенгайтириш мақсадида жорий этилмоқда.

Айни пайтда QR-код воситасида тўловни амалга ошириш механизми йўлга қўйилган савдо-сервис корхоналари сони оширилмоқда.

QR-код ўзи нима, нима учун керак ва ундан қандай фойдаланиш зарур?

Кўпчилик ичига чалкаш-чулкаш шакллар жойлаштирилган оқ-қора квадратлар тасвирини пайқаган бўлса керак. Бундай тасвирларни товарлар этикеткаларида, коммунал тўловлар квитанцияларида ёки сайтлар саҳифаларида учратиш мумкин. Мана шу QR-коддир. Инглиз тилидан таржима қилганда «quick response» термини «тезкор жавоб» деб таржима қилинади. QR-код  икки ўлчамли штрих-код бўлиб, ахборотни визуал кодлаштириш учун қўлланилади. Мазкур технологиядан турли соҳаларда фаол равишда фойдаланилмоқда.

QR-код нима учун керак? Бу савол уни амалда қўллашга киришмаган ҳар қандай одамда туғилиши турган гап. QR-код ишининг асосий тамойили унинг гиперҳавола тарзида ишлай олишидир. Бу кўп маълумот ҳақида хабар бериш зарур бўлган ҳолатларда ёки уни соддалаштириш керак бўлганда жуда қулай. QR-код суратлар маҳсулот ёки хизматни танлаш жараёнини осонлаштиришга қодир, чунки ўрам ёки реклама плакатидаги кичик квадратчада 4296 тагача рамзлар жойлаштирилган бўлиши мумкин. Улар матн тарзида жойлаштириш ноқулай ва қиммат бўлган маълумотларни сиғдира олади.

QR-код коммуникация жараёнини ҳам оптималлаштиради. Масалан, ташриф қоғозидаги белгида одатда телефон рақам шифрланган бўлади, у биргина тугмани босиш билан боғланишлар рўйхатига киритилиши мумкин. Шунингдек, QR-кодлар ёрдамида ҳавола бўйича ўтиш, электрон хат, смсни юбориш, жойнинг координаталарини билиш ва бошқаларни амалга ошириш мумкин.

Бутун дунёда электрон тўловларни амалга оширишда QR-кодлардан фаол равишда фойдаланилади. Амалиётда у қуйидагича кўринишда:

– харидор ўз банк тўлов картасини смартфондаги иловага боғлайди;

– савдо тармоқларида харид қилишда ёки хизматлар учун тўловни амалга оширишда у банк картасидан фойдаланмасдан мазкур илова ёрдамида ҳисоб-китоб қилади.

Ҳисоб-китобнинг бундай усули харидор учун ҳам, сотувчи учун ҳам оддий банк пластик картасидан тўловни амалга оширишдан кўра қулайроқ. Чунки ушбу ҳолатда картани қабул қилиш учун терминалга ҳожат қолмайди ва харидор учун ҳам карталарни кармонда олиб юришнинг кераги бўлмайди – смартфон уларнинг ўрнини босади, деб ёзади “Норма” нашри.