Ўзбекистонга Юқори технологиялар парки асосчиси ташриф буюрди

Ўзбекистонга Юқори технологиялар парки асосчиси ташриф буюрди

29 июнда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Белоруссия Республикасининг Юқори технологиялар парки асосчиси Валерий Цепкало билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув мобайнида меҳмонлар Юқори технологиялар парки фаолиятининг ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий асослари, унга аъзо ишлаб чиқарувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш юзасидан тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Томонлар янги ва юқори технологиялар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш алоқаларни кенгайтириш, дастурий таъминот ва ахборот технологияларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, бу йўналишда фаолият кўрсатувчи ишлаб чиқарувчиларни ҳуқуқий ва иқтисодий, ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган IT-паркларни ташкил қилиш, шунингдек АКТ соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ҳамда мутахассисларнинг малакасини оширишда ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилдилар.

Белоруссиялик мутахассислар Ўзбекистоннинг АКТга, жумладан кадрлар тайёрлаш сифатига алоҳида эътибор қаратаётгани, хорижий таълим муассасалар билан ҳамкорлик, хусусан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети фаолиятининг йўлга қўйилганини юқори баҳолашди.

Беларуссия Юқори технологиялар парки мамлакат раҳбарининг қарори асосида 2005 йилда ташкил қилинган. Унинг асосий мақсади мамлакатдаги дастурий таъминот ва ахборот-коммуникация технологиялари ишлаб чиқарувчилари учун мақбул муҳит яратишдан иборат.

Бугунги кунда мазкур тузилмага 173 нафар компания ва фирмалар аъзо бўлишган. Бу тадбиркорлик субъектлари 2020 йилгача барча турдаги корпоратив солиқ, жумладан қўшимча қиймат солиғи ва даромад солиғидан озод қилинган. Мазкур ишлаб чиқарувчиларнинг ходимларидан олинадиган даромад солиғи белгиланган 9% дан ошмайди ва умумий йиллик даромадга киритилмайди.

Беларуссия Юқори технологиялар парки ишлаб чиқарувчиларни рўйхатга олишнинг экстерриториаллик ҳуқуқига эга. Яъни, бу тузилма фақатгина белгиланган ҳудудда фаолият олиб бормайди. Унга мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида фаолият олиб бораётган компания аъзо бўлиши ва Юори технологиялар паркининг имтиёзларидан фойдаланиши мумкин.

Айни пайтда Юқори технологиялар паркида ишлаб чиқарилаётган 91,5% дастурий таъминот маҳсулотлари экспортга чиқарилмоқда. Улардан 40,2%и АҚШ ва Канада, 46,7%и Европа, 10,7%и Россия ва МДҲ мамлакатларига сотилмоқда.

Айтиш жоизки, Юқори технологиялар паркига аъзо дастурий таъминот ишлаб чиқарувичлари яратган мобил иловалар бугун 193 та давлатда, 900 миллиондан зиёд фойдаланувчиларига эга. Шунингдек, бу тузилма 66 мамлакатдан доимий буюртмачиларига эга.

2016 йилда Беларуссиянинг умумий экспортида ЮТПнинг улуши 12% (820,6 млн доллар)ни ташкил қилган. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган дастурий таъминот маҳсулот экспорти 86 долларни ташкил қилган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!