Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқда бир кунда 120 мингта сурат эълон қилмоқда

Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқда бир кунда 120 мингта сурат эълон қилмоқда

Бу далил Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази сайтида эълон қилинган мақолада келтирилган. Аммо муаллиф қайси манбаага асослангани айтилмаган.

Мақола муаллифининг қайд этишича, ўзбекистонлик фойдаланувчилар ижтимоий тармоқда (номи келтирилмаган) кунига 10,5 миллион хабар, 450 минг изоҳ ёзмоқда, 120 минг сурат, 130 мингга яқин янги статус киритишмоқда. Шунингдек, 120 мингга яқин қўшиқ, куй эшитиб, 300 минг видеолавҳа кўришмоқда, бир-бирига 150 минг ўйин жўнатмоқда.

Мақолада таъкидланишича, глобал тармоқда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 мингдан зиёд сайт мавжуд бўлиб, аксарият компьютер ўйинлари орқали зўравонлик ва ёвузлик тарғиб қилинмоқда. Ижтимоий тармоқларда  инсон маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи 100 дан зиёд гуруҳлар мавжудлиги ва бу гуруҳ аъзоларининг 50 мингдан зиёди ёшлар эканлиги аниқланган.

Халқаро экспертлар дунё миқёсида глобал тармоққа мурожаат қиладиган ёшларнинг 38 фоизи зўравонлик руҳидаги, 26 фоизи миллатчилик мазмунидаги сайтларга мунтазам кириб туришини тасдиқламоқда.

Муаллиф ижтимоий тармоқда нима кўрсам, нима эшитсам, нима фикр билдирсам мумкин экан, деган хомхаёлда юрган айрим ёшлар ҳар нарсанинг сўроғи борлигини, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида намойиш қилиш ёки тарқатиш мақсадида порнографик нарсаларни тайёрлаш, шунингдек уларни йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар ўртасида намойиш қилиш ёки тарқатиш учун жавобгарлик белгиланганини айтади.

Шунингдек, туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Ижтимоий тармоқда хоҳлаган ишни қилиш мумкин, деб ҳисоблайдиганлар буни эътиборга олишлари керак.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!