«Uzcard» ва «Мир» кобейжинг карталари: пластик карталаримиз энди Россия банкларида ҳам ўтадиган бўлади!

  •   DiMaX
  •  1311
  •  30.03.2019 10:37

«Uzcard» ва «Мир» кобейжинг карталари: пластик карталаримиз энди Россия банкларида ҳам ўтадиган бўлади!

Тошкентда бўлиб ўтаётган Халқаро молия-банк форуми доирасида мамлакатимизнинг «Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ қўшма корхонаси ва Россиянинг «Мир» Миллий тўлов карталари тизими ўртасида келишув имзоланди. Бу хусусда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Самолётларимизда энди интернет-тўпламлар сотиб олиш мумкин, тўлови эса пластикдан!

«Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ қўшма корхонасидан олинган маълумотларга кўра, мазкур учрашув «Uzcard» компанияси ва Россиянинг «Мир» Миллий тўлов карталари тизими ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган. Унда тўловларни иккита тўлов тизимида қабул қиладиган кобейжинг карталарини муомалага чиқаришга оид масалалар муҳокама қилинди.

Uzcard – «Мир» кобейжинг карталарини чиқариш учун «Мир» Миллий тўлов карталари тизимидаги карталарни тўлов учун қабул қилиш келишувдаги муҳим бандлардан бири бўлди. Ҳар икки тўлов тизимининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш учун зарур бўлган техник ишлар амалга оширилди. Бунинг самарасида мамлакатимизда «Мир» тизимидаги тўлов карталаридан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди.

2019 йилнинг охирига қадар Uzcard тўлов тизимидаги иштирокчи-банклар инфратузилмасида «Мир» карталарини қабул қилишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Келгусида эса, ўзбек пластик карталарини Россия банкларида қабул қилишни ташкил этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, юртимизнинг Uzcard тўлов тизими «Мир» тизимидаги технологияларни қўллаши, «Мир» тўлов иловасидан фойдаланган ҳолда карталарни муомалага чиқариши ҳам мумкин.

Ўзбекистонда кобейжинг карталарини муомалага чиқариш бўйича дастлабки лойиҳа аллақачон Uzcard ва UnionPay тўлов тизимлари ўртасида муваффақиятли амалга оширилганди.

ЎҚИНГ: Жиддий жиноят: Пластик картангиздаги пулни банкдагилар ҳам ўғирлаши мумкин!

Кобейжинг карталари оддий карталардан нимаси билан фарқ қилади? Кобейжинг карталарининг энг асосий ўзига хос жиҳати, уларда бир неча тўлов тизимларидан фойдаланиш имкониятининг мавжудлигидадир. Бундай карталарнинг олд томонида у қўллаб-қувватлайдиган тўлов тизимларининг логотиплари бўлади. Кобейжинг карталарини муомалага чиқариш учун иккита тўлов тизимлари ўзаро келишув имзолаши зарур. Шундан сўнг банклар уларнинг тегишли тўлов тизимларидаги фаолиятини кафолатлаган ҳолда бундай карталарни муомалага чиқаради. Айни дамда ҳар икки тизим ҳам битта карта ҳисоби билан ишлайди.

Кобейжинг карталари фойдаланувчиларга ҳам, тўлов тизимлари ва уларни чиқараётган банклар учун ҳам фойдалидир. Биринчидан, картадаги қўллаб-қувватланадиган тўлов тизими Visa, MasterCard ёки UnionPay бўлса, фуқаролар бундай карталардан ўз юртларидан ташқарида ҳам фойдаланишлари мумкин. Бунда ортиқча ҳаракатларни амалга ошириш талаб этилмайди. Фақат савдо шохобчаси тўлов тизимларидан бири бўйича ишлашига ишонч ҳосил қилиш керак, холос. Иккинчидан, агар мамлакатда хорижий тўлов тизимларидан бири ишламай қолса, маҳаллий тўлов тизимини қўллаш имконияти сақланиб қолади. Учинчидан, карта эгаси битта картадан фойдаланган ҳолда ҳар бир тўлов тизимидан фойдаланиш имтиёзига эга бўлади.

Бундан буён Ўзбекистон ва хорижда фойдаланиш учун иккита ҳар хил карталарни очишга ҳожат йўқ. Конверсион карталарни очишга ҳам ортиқча зарурат қолмади. Фойдаланувчилар Интернет дўконларда кобейжинг карталар орқали харидни амалга оширишлари ва уни хорижга ҳам олиб чиқишлари мумкин. Картанинг магнит тасмаси туфайли картани картридерга юргизиш орқали тўловни амалга оширса бўлади. Айни пайтда тўлов чоғида паролни киритиш ҳам сақланиб қолади.

ЎҚИНГ: Янги – «Humo» миллий тўлов тизими апрелдаёқ ишга тушади!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.