«Ўзэкспомарказ»да 10—12 май кунлари инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ўтказилади

«Ўзэкспомарказ»да 10—12 май кунлари инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ўтказилади

«Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуасида 10—12 май кунлари Х Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш учун шароитлар яратиш, корхоналарнинг инновацион фаоллигини ошириш, юқори технологиялар миллий бозорининг шаклланишига кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган Х Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида инновацион ишланмалар 5 та йўналиш бўйича намойиш этилади.

«Саноат» йўналиши бўйича жами 128 та ишланма, жумладан, неф-тгаз, кимё, тоғ-кон саноати, пахтани қайта ишлаш тармоғи ҳамда тадбиркорлар ва кичик бизнес учун тақдим этилади.

«Ахборот технологиялари» йўналиши бўйича республика олий ўқув юртлари ҳамда ахборот технологиялари марказлари томонидан кенг доирадаги истеъмолчилар учун 75 та янги ишланма ва дастурий маҳсулот намойиши ўтказилади.

«Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика» йўналиши бўйича касалликларни даволашнинг янги усуллари ва замонавий технологиялари, кекса ёшдаги аҳоли, шунингдек, оналар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олишга йўналтирилган янги ёндашувлар акс этган 66 та ишланма тақдим этилади.

«Қишлоқ хўжалиги» йўналиши бўйича Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, қайта ишлаш тармоғи, озиқ-овқат саноати корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари эътиборига 87 та янги ишланма намойиш қилинади. Давлат илмий-техника дастурлари ва лойиҳалари доирасида ишлаб чиқилган ва тайёрланган 20 га яқин қишлоқ хўжалик техникаси ва ускунасини намойиш этиш режалаштирилмоқда.

«Фан ва таълим» йўналиши стендларида таълим, ёш авлодни тарбиялаш соҳасида кейинги йилларда эришилган ютуқлар, ҳорижий тилларни ўргатишга доир янги дастурлар, дарсликлар ва илғор педагогик технологияларни қамраб олган 12 та ишланма тақдим этилади.

«Жорий қилинган инновацион ишланмалар» йўналиши ташкил қилинди. Ушбу йўналишда ишлаб чиқарувчи йирик корхоналарда илғор инновацион технологиялар асосида серияли ишлаб чиқарилаётган 62 та маҳсулот намойиш этилади.

Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркасида ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабаларнинг ўз илмий ва амалий ишланмаларини намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратилади. Хусусан, ярмаркада ёш олим ва талабаларнинг 100 та ишланмаси тақдимоти ўтказилади. Умуман олганда, ярмаркада 500 дан ортиқ илғор ғоялар ва ишланмалар намойиш этилиши кўзда тутилган.

Ярмарка доирасида III Тошкент халқаро инновацион форуми бўлиб ўтади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.