UZIMEI тизими ҳақида ҳуқуқшунос: «Шу пулларни халқни қийнамасдан олсаларингиз бўлмайдими?»

  •   DiMaX
  •  1348
  •  05.05.2021 00:24

UZIMEI тизими ҳақида ҳуқуқшунос: «Шу пулларни халқни қийнамасдан олсаларингиз бўлмайдими?»

Аввалроқ биз IMEI-кодни рўйхатдан ўтказишни текин қилиш ҳақидаги жамоатчилик мурожаати «Менинг фикрим» порталида керакли овоз тўплаганига қарамай, бир йилдан буён эътиборсиз қолаётгани ҳақида блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг фикрларини келтирган эдик. Депутат Расул Кушербаев ушбу портал бўйича кўп фикрлар бўлаётгани ҳақида ўзининг Telegram-каналида тўхталиб ўтган ва бу порталнинг иш беришига ишончи ўлганлигини таъкидлаган эди.

ЎҚИНГ: UZIMEI биносидаги «бардак» ҳақида блогер: «Буни ўйлаб топганлар – ислоҳотларнинг душмани!»

Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев яна шу мавзуга қайтиб, ўзининг Telegram-каналида қуйидагиларни ёзди:

UZIMEI тизими ноқонуний қурилмаларга қарши курашишда катта фойда бериши ҳақида аввал ҳам айтганман ва бу тизимни қўллаб-қувватлашимни маълум қилганман. Аммо шундоқ ҳам давлат бюджетига юз миллиардлаб солиқ тушумини таъминлаб бераётган бу тизим нима учун пуллик эканлигини, бўлганда ҳам анчагина қимматлигини (2 та SIM-карта учун 100 минг сўм), шунингдек рўйхатдан ўтиш жараёни мураккаб ва бюрократияга бойлигини анчадан буён гапириб келаман. Буни бошқалар ҳам кўп айтишган.

Яқинда бир алоқа компанияси Ўзбекистонда биринчи марта eSIM тизимини жорий қилди. eSIM – бу электрон SIM-карта. Бунақа тизим ривожланган давлатларда кенг тарқалган, бизга энди кириб келди.

Инновация, шундай эмасми? Ҳа, инновация. Аммо бу инновацияга кўпчилик, шу жумладан UZIMEI тизими тайёр эмаслигини кўрсатди. eSim ўрнатмоқчи бўлганлар 21 асрдан ортга қайтиб, 20-асрга тушиб қолишмоқда.

Сабаби – eSIM учун ҳам IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш ва 49 минг сўм тўлов қилиш керак. Буниси тушунарли. Аммо энг қизиғи – уни сайт, SMS ёки USSD-код орқали рўйхатдан ўтказиб бўлмас экан. Онлайн рўйхатдан ўтказмоқчи бўлсангиз, рад жавоби келаркан.

Албатта офисларга бориш шарт. Бошқача айтганда – 21-асрдаги янги инновацияни рўйхатдан ўтказишнинг онлайн имкони йўқ, албатта одамларни офисга чақириб, овора қилиш керак.

Ва яна албатта телефонни кўтариб бориши керак экан. Онлайн рўйхатдан ўтганда IMEI рақамининг ўзи кифоя эмиш-да, лекин одамни ўзи бевосита борганда телефонни ҳам олиб боришни талаб қилишаркан. Барака топгурлар, ахир базада ҳамма қурилманинг IMEI рақами бор-ку, ўшанга қараб 2-IMEI'ни рўйхатга олса бўлмайдими? Одамларни овора қилишнинг нима кераги бор? Мантиқсизлик-ку бу.

Мен ҳали паспортидаги шахсий маълумотлари ўғирланган минглаб инсонлар ҳақида индамаяпман. Бунинг ўзи алоҳида катта мавзу.

Ҳурматли, шу тизимни яратганлар, шу тизимдан келаётган юз миллиардлаб пуллардан манфаатдор бўлган одамлар, сизлардан илтимосим бор. Хўп, майли, барибир UZIMEI тўловини бекор қилмайсизлар, буни тушундик. Бунга ҳаттоки Сенат ва Қонунчилик палатасининг ҳам «тиши ўтмади» – хўжакўрсинга очилган петициялар сайтидаги 10 мингдан ошиқ одамнинг берган овозини бир тийинга олишмади, буни ҳам тушундик. Хуллас, халққа 2 марта солиқ солишда давом этаверасизлар, бу ҳам тушунарли.

Илтимос, ҳеч бўлмаса, мана шу юз миллиардлаб пулларни сал ҳалоллаб олинглар, барака топгурлар. Яъни халқни қийнамасдан, мантиқсиз ва абсурд чеклов, тақиқлар қўймасдан, рўйхатга олиш тизимини содда ва осонлаштириб шу пулларни олсаларингиз бўлмайдими? Наҳотки шу биргина нарсани қилиш шунчалар қийин?

ЎҚИНГ: IMEI-кодларни энди мобил оператор офисларида ҳам рўйхатдан ўтказиш мумкин!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!