UzIMEI тизимини сўкишдан ўзини тийган хорижлик дастурчи ҳикояси

UzIMEI тизимини сўкишдан ўзини тийган хорижлик дастурчи ҳикояси

"Келинг мен сизларга Ўзбекистонда қандай қилиб IMEIни рўйхатдан ўтказганимни айтиб бераман." дея сўз бошлайди россиялик дастурчи Евгений Амирасланов ўзининг Telegram блогида.

"Билмайдиганлар учун: Ўзбекистонда IMEI рўйхатга олиш тизими мавжуд (https://uzimei.uz) - чет элдан телефон олиб кирсангиз 5 доллар тўлашингиз керак, акс ҳолда бир ойдан кейин телефонингиз қовоққа айланиб қолади ва унда қўнғироқ қилиш, мобил Интернет ва SMS'дан фойдалана олмайсиз. Айтилишича, бу телефонларнинг қора бозорига қарши курашиш - ўғирланган, сохта товарларни камроқ олиб келиниши учун қилинган.

Ўзбекистонликлар учун ҳамма нарса имкон қадар осон ва шаффоф тарзда амалга оширилади: мамлакатга келасиз, махсус USSD кодни киритасиз, маълумотларингизни юборасиз, тўловни тўлайсиз, воила, сиз телефонни рўйхатдан ўтказдингиз, ундан фойдаланишингиз мумкин. Ва буларнинг барчаси дивандан турмасдан қилинади. Бу сайёҳлар учун ҳам осон: Ўзбекистонда бир ойдан камроқ вақт қолсангиз, телефонингизга ҳеч нарса бўлмайди.

Мен каби узоқ муддатли ташриф буюрувчилар учун ишлар бироз мураккаброқ. Сиз дивандан туришингиз, шахсан бирор жойга бориб, шахсан мурожаат қилишингиз керак.

UzIMEI веб-сайтида буни исталган почта бўлимида амалга ошириш мумкинлиги айтилган. Мен уйимга энг яқин бўлган почта бўлимига бордим, лекин улар менга офисларида ҳеч қандай регистрация йўқлигини Почтамтга боришим кераклигини айтишди. "Яндекс Хариталари" маълумотларига кўра, почта бўлими фақат иш кунларида соат 9:00 дан 18:00 гача ишлайди, яъни менинг иш вақтимда. Мен иш кунимнинг ўртасидан бир неча соат бўш вақт ажратишим, кейин кўпроқ ишлашим керак бўлди.

Почтамтга икки марта боришимга тўғри келди. Биринчи марта борганимда, UzIMEI тизимидаги қандайдир носозлик сабаб бугунча аризалар қабул қилинмаётганлигини афсус билан маълум қилишди. UzIMEIнинг бош офисига боришим мумкинлигини, лекин у ерда навбат узунлиги, яхшиси, бир неча кундан кейин келишимни айтишди.

Иккинчи марта келганимда, Почтамтнинг ўзида рўйхатдан ўтиш учун узун навбат бор эди. Қирқ дақиқага яқин навбатда турдим ва ниҳоят ариза бердим. Айтганча: Ўзбекистонда IMEIни рўйхатдан ўтказиш учун сизга маҳаллий SIM карта керак бўлади. Яхшиямки, менда аллақачон ўзбек SIM картаси бор эди. Афсуски, уни рўйхатдан ўтказиш пайтида маълумотларга хатолик киритилгани сабаб мен IMEIни рўйхатдан ўтказолмадим. Улар менга мобил операторимнинг офисига боришимни ва паспорт маълумотларимни янгилаб беришларини сўрашимни айтишди.

Мен лайфхакдан фойдаландим: бошқа уяли алоқа операторининг офисига бордим ва у ерда маълумотларимнинг тўғрилигини икки марта текшириб, янги SIM-карта олдим. Шундан сўнг яна йигирма дақиқа навбатда турдим ва ниҳоят IMEIни рўйхатдан ўтказдим.

Таксида юриш ва сарфланган асаб толаларимни ҳисобга олмаганда, ҳаммаси учун таҳминан 5 доллар ва уч соатлик иш вақтим кетди.

***

Мен IMEIни битта ўзим рўйхатдан ўтказмадим. Ўзбекистонга иккита телефони билан келган дўстим ёнимда эди: бири шахсий, иккинчиси иш учун. Лекин Ўзбекистонга бир марта киришда фақат битта телефонни рўйхатдан ўтказиш мумкин экан. Охири у шахсий телефонини рўйхатдан ўтказди, иш телефони эса "ҳар эҳтимолга қарши" режимида қолди.

Бир пайт телефоним бузилиб қолди ва уни таъмирлашга беришга мажбур бўлдим. "ҳар эҳтимолга қарши"дан фойдаланиш вақти келди. Телефонимни таъмирлатаётганимда, дўстим менга ишлатиш учун ўша иш телефонини берди. Унга ҳали SIM карта ўрнатилмаган эди ва у блокланмаган бўлиши; менда ундан хориждан олиб келингандек ўттиз кун давомида IMEIни рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланишим керак эди.

У ишламади. Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳудудида ўттиз кундан сўнг телефон ишлатилмаса ҳам блокланади – афтидан, бу SIM картамни бошқа телефонда бир ойдан ортиқ ишлатганим учун бўлса керак.

***

Мен бундан ҳеч қандай хулоса чиқармайман. Сўзим охирида эса, сўкишни жуда хоҳладим, лекин мен сўкмайман, бу ҳақида ўзингиз ўйлаб кўринг" деб, Евгений ўз ҳикоясини якунлайди.

Кейинроқ, Евгений ўз постини изоҳда қолдирилган UzIMEI тизимининг ўзига хослиги ва унга алоқадор фикрлар улашиб бориладиган канал манзили билан янгилаб қўйган.

Сир эмаски, мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш учун UzIMEI тизими ишга туширилганидан бери у жуда кўплаб норозилик ва танқидларга сабаб бўлиб келмоқда. Аввалроқ Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош иқтисодчиси, эксперт Винаяк Нагараж UzIMEI “тушунарсиз бюрократик” тизимлигини айтиб, у Ўзбекистонни орқага тортаётган сиёсатлардан бири эканлигини ҳақида ёзиб чиққан эди.

Шунингдек, “Менинг фикрим” порталига ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев томонидан IMEI кодларни рўйхатга олишда тўлов ундиришни бекор қилиш бўйича киритилган жамоавий мурожаат ҳам киритилган эди, лекин у эълон қилинганидан сўнг бир йил ўтиб Қонунчилик палатаси томонидан рад қилинган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда интернет тезлиги ошди(ми?)