UZMOBILE ҳам 5G технологиясини синов тариқасида ишга туширди!

  •   DiMaX
  •  1162
  •  17.09.2019 11:15

UZMOBILE ҳам 5G технологиясини синов тариқасида ишга туширди!

Кечагина «Coscom» МЧЖ (Ucell савдо белгиси) мобил алоқанинг бешинчи авлоди – 5G’ни синаш жараёнини бошлагани ҳақида ёзган эдик. «Ўзбектелеком» акционерлик компанияси хабар беришича, UZMOBILE алоқа оператори ҳам бу йўналишда ишларни жадаллаштирган.

 ЎҚИНГ: Ишонасизми, АКТ вазирлиги 5G тармоқларини қуриш бўйича таклифлар сўраяпти!

Хабарга кўра, «Ўзбектелеком» акционерлик компанияси мутахассислари жаҳоннинг илғор дастурчилари ва телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчилари билан яқин ҳамкорликда малака оширган ҳолда, Ўзбекистонда 5G тармоғини жорий этишнинг техник хусусиятлари ва имкониятларини ўрганмоқдалар.

 Янги авлод тармоқларини жорий этишга тайёргарлик жараёнида «Ўзбектелеком» АК ўзининг UZMOBILE тармоғида синовдан ўтказиш учун 5G технологияси бўйича таянч станцияларнинг дастлабки тўпламларига эга бўлди. Жорий йилнинг 14 сентябрида ускуналар ўрнатилди ва дастлабки синовдан ўтказиш учун фойдаланишга топширилди.

 5G тармоқларининг ускуналари «кўплаб ноортогонал (номутаносиб) кириш ва Massive-MIMO» каби энг замонавий технологияларни қўллаш туфайли кўпроқ ўтказиш қобилиятини таъминлай олади.

 5G авлод таянч станцияларини синовдан ўтказиш NSA (Non StandAlone) тармоқ архитектураси қўлланилган ҳолда 6 гигагерцгача частоталар оралиғида амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа 5G тармоғини ташкил этиш босқичларидан бири бўлиб, операторнинг мавжуд инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади ва келажакда у янада ривожланган, операторга нафақат юқори тезликка, балки тармоқдаги жуда паст кечикиш даражасига (тахминан 1 миллисекунд) эришиш имконини берувчи архитектура - SA (StandAlone)га такомиллаштирилиши керак.

ЎҚИНГ: 4G ва 5G’ни амалда ўзаро таққослаб кўришди: кутилмаган натижа!

Синов натижаларига кўра, керакли жиҳозлар рўйхати ҳамда ўрнатиш жойлари белгиланган UZMOBILE 5G GSM тижорат тармоғи лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Сўнгра, тахминан бир ярим йилдан кўпроқ муддат талаб этилувчи 5G технологиясидаги UZMOBILE тижорат тармоғини ташкил этиш жараёни учун тармоқ ускуналари сотиб олинади.

5G технологияси мамлакатимиз фуқаролари, корхоналар, ҳукумат ва иқтисодиёти учун бутунлай бошқа қиёфа акс эттириш қобилиятига эга. Ушбу янги технология маълумотларни юқори тезликда узатиш, «қурилмадан-қурилмага» тўғридан-тўғри таъсир ўтказиш, кечикишларни қисқартириш, электренергия сарфини камайтириш, ҳамма нарса билан универсал алоқа, машиналараро алоқа, ultra HD 4K ва 8K ҳамда виртуал реалликнинг кўплаб имкониятларини очиб беради.

 5G мобил алоқа технологияларининг бешинчи авлодини ва Интернет буюмларнинг (IoT) қўлланилиши жуда кўп сонли уланишлар билан тармоқнинг бошқарилиши, назорат қилиниши ва кенгайтирилишини орқали амалга оширилиб, барча соҳаларни тармоқнинг интеллектуал функциялари билан таъминлайди.

5G технологиясининг жорий этилиши UZMOBILE Миллий уяли алоқа операторига ўз абонентларига 1 Гбит/с ва ундан юқори тезликда Интернетдан фойдаланиш имкониятини беради. Янги 5G технологиялари бир вақтнинг ўзида битта таянч станциясининг кўп сонли абонентларига хизмат кўрсатишга имкон беради ва бу билан ушбу технологияни, биринчи навбатда, аҳолиси кўп бўлган жойларда кенгайтириш ошириш учун асосий омил ҳисобланади.

ЎҚИНГ: Speedtest синовидан «жонли» видео: Ўзбекистонда қайси уяли алоқа операторининг интернети энг тезкор?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.