Узоқ кутилган iPhone SE 2020 ҳақидаги аниқ 7 факт

  •   DiMaX
  •  2183
  •  11.04.2020 11:08

Узоқ кутилган iPhone SE 2020 ҳақидаги аниқ 7 факт

Ҳамёнбоп iPhone SE давомчисини Apple корпорацияси iPhone SE 2 тарзида чиқариши кутилаётганди. Бироқ компания Хитойдаги расмий сайтида iPhone 9 номи билан, нархини ҳам кўрсатган бўлса, АҚШдаги сайтига кўра, у iPhone SE 2020 деб аталади.

ЎҚИНГ: iPhone SE 2020 (iPhone 9 ёки iPhone SE 2) аллақачон дўконга чиқди!

Мазкур айфон ҳақида турли миш-мишлар кўп, аммо бир нечта манбалар томонидан тасдиқланган фактлар жуда кам – атиги еттитагина!

  1. Янги айфон iPhone 8’нинг деярли клони бўлади.

Янги смартфон iPhone 8 моделининг «эгизаги» бўлади: ўша-ўша 4,7 дюймлик экран, Touch ID ўрнатилган «Уйга» тугмачаси, корпус шакли ва ўлчами, ташқи элементларининг жойлашуви – ҳаммаси бир хил.

  1. Apple логотипи пастроққа тушади.

iPhone 8 моделида компания логотипи орқа панелнинг юқорироқ қисмида жойлашган бўлса, iPhone SE 2020 қурилмасида у орқа қопқоқнинг қоқ ўртасига кўчирилган – худди iPhone 11 туркуми смартфонларидаги каби.

  1. iPhone SE 2020 уч хил рангларда чиқади.

Apple ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда, iPhone SE 2020 моделини уч хил рангдаги корпусларда ишлаб чиқаради: қора, оқ ва қизил – (PRODUCT)RED. Ундан iPhone XR ва iPhone 11 моделларидаги каби ранг-барангликни кутиб хомтама бўлманг.

ЎҚИНГ: iPhone XR’нинг асосий афзалликларини Apple антиқа реклама ролигида кўрсатиб берди

  1. У бошқа iPhone’лардан арзон

Таниқли таҳлилчи Мин-Чи Куо ва бошқа инсайдерлар тасдиқлашларича, iPhone SE 2020 нархи 399 доллардан бошланади. У Apple смартфонлари орасида энг арзони бўлади, ҳаттоки iPhone 8’дан ҳам арзон!

  1. iPhone SE 2020 супертезкор бўлади

Apple янги смартфонига A13 Bionic процессорини ўрнатяпти; мазкур чипсет корпорациянинг ҳозирги флагманлари – iPhone 11, iPhone 11 Pro и iPhone 11 Pro Max моделларининг «электрон юраги»дир. Эътибор беринг: бу – айни дамда дунёдаги энг кучли процессордир! Ҳаттоки Qualcomm ва Huawei каби асосий рақобатчиларнинг 2020 йили чиқарган чипсетлари ҳам бултурги A13 Bionic’ни енга олмаган.

  1. iPhone SE 2020 тезкор хотираси катта

Янги айфон самарадорлиги юксак даражада бўлишига «оперативка» ҳажми юқори эканлиги ҳам ҳисса қўшади. iPhone 8 моделида тезкор хотира ҳажми 2 гигабайт бўлса, iPhone SE 2020 девайсида у уч гигабайтлик.

  1. Доимий хотира барчага етади

iPhone SE 2020 ички хотирасига кўра уч хил конфигурацияда чиқади: 64, 128 ва 256 гигабайтлик. Ҳар ким ўзига маъқулини танлаб олаверади, аммо ўртача ва айниқса катта хотиралиси нархи ҳам iPhone XR ва iPhone 11 кабиларга яқинлашиб қолса керак.

Ҳозирча аниқ бўлганлари шулар; iPhone SE 2020’нинг асосий сири – унинг камерасидир. Унинг тақдимоти 14 ёки 15 апрелда бўлиб ўтиши, май ойининг бошидан сотила бошлаши – барчаси ҳозирча шунчаки тахмин.

ЎҚИНГ: iPhone SE 2020 тақдимоти олдидан дунё бўйлаб бошқа iPhone’лар арзонлашяпти!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.