Узоқ кутилган Nokia 6.1 Plus тақдим қилинди

Узоқ кутилган Nokia 6.1 Plus тақдим қилинди

Ва, ниҳоят, узоқ кутилган ва кўп гапирилган Nokia 6.1 Plus смартфони жамоатчилик эътиборига расман тақдим қилинди. Бу девайс бир муддат аввал Geekbench бенчмаркида самарадорлик бўйича имтиҳон топширган эди.

Nokia 6.1 Plus смартфони яқиндагина Хитойда тақдим қилинган ва Хитой учун мўлжалланган Nokia X6 моделининг халқаро талқини ҳисобланади. Компания муҳандислари нима сабабдандир халқаро талқиндаги версиянинг хотира сиғимини қисқартиришга қарор қилганлар. Натижада, Nokia 6.1 Plus 4 гигабайтли оператив ҳамда 64 гигабайтли доимий хотирага эга бўлган. Аслида 4 гигабайтли оператив хотира ҳам бугунги кун учун кифоя қилади.

Қувонарли томони эса, янги мобил алоқа воситаси Android One операцион тизими бошқаруви остида фаолият кўрсатади. Яъни, "тоза" Android 8.1 Oreo мунтазам равишда энг сўнгги дастурий янгиланишларни олиб туради.

Nokia 6.1 Plus модели 5,8 дюймли, 2280 х 1080 пиксел сиғимли, юқори қисмида кесиқли, Gorilla Glass 3 ҳимоя шишали дисплей билан таъминланган.

Девайсда ўртача имкониятли Qualcomm Snapdragon 636 чипсети самарадорлик учун масъул.

Юқорида таъкидлангани каби, гаджет 4 Гб оператив хотира ҳамда 64 Гб доимий хотира билан таъминланган. Гибрид бўлмачага битта қўшимча хотира картаси қўйиб доимий хотирани кенгайтириш ёки иккита сим-карта қўйса бўлади.

Бош камера қўш сенсорли: 16 Мп (f/2.0) ҳамда 5 Мп (f/2.4) камера модулларига "сунъий ақл" технологияси жорий қилинган. 16 мегапикселли селфи-камера (f/2.0) ҳам "ақлли" ва яхши сурат олишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Nokia 6.1 Plus модели учун ток сиғими 3060 мА соат бўлган аккумулятор танланган. Бу аккумулятор тезкор қувват олади.

NFC модули, бахтга қарши йўқ.

Смартфон ўлчамлари: 147,2 x 71 x 8,59 мм, вазни - 151 грамм.

Nokia 6.1 Plus смартфони қора ҳамда оқ корпусларда 24 июлдан сотувга чиқарилади. Баҳоси: $292 доллар.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.