Узоқ кутилган Xiaomi Mi Mix 4 чиқди: яширин камера, Snapdragon 888+, 108 Мп, 4500 мАс ва 120 Вт!

  •   DiMaX
  •  1810
  •  11.08.2021 12:03

Узоқ кутилган Xiaomi Mi Mix 4 чиқди: яширин камера, Snapdragon 888+, 108 Мп, 4500 мАс ва 120 Вт!

Xiaomi корпорацияси 2019 йилнинг охирида фантастик нархдаги Mi Mix Alpha флагманини тақдим қилган эди. Ниҳоят, орадан шунча вақт ўтиб, мазкур туркумнинг кейинги вакили – Xiaomi Mi Mix 4 ҳам расман намойиш этилди.

ЎҚИНГ: Xiaomi яна инқилобий смартфон яратди: умуман порт ва тугмачасиз, тўрт томони «шаршара» дисплей... («жонли» видео)

Xiaomi Mi Mix Alpha сотувга расмман чиқарилмаган, лекин уни... нақ 140 000 доллардан сотишаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ундан олдинги Xiaomi Mi Mix 3 слайдери эса 2018 йили тақдим этилганини ҳисобга олсак, Xiaomi Mi Mix 4 ушбу сериянинг икки ярим йил деганда бозорга чиқарилаётган янги вакилидар.

Ушбу қурилма компаниянинг яширин олд камерали биринчи смартфонидир – унинг экраности селфи-сенсори фақат зарурат ҳолатидагина кўринади.

Xiaomi Mi Mix 4 расмий тақдимоти арафасида унинг деярли барча хусусиятлари рўйхати интернетга чиқиб кетган ва улар билан мана бу хабаримизда танишиб чиқиш мумкин. Ҳозир эса флагманнинг тақдимотда асосий урғу берилган жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.

Смартфон диагоналига 6,67 дюймлик OLED-экранга эга ва у Full HD+ форматида (2400х1080 пикселлик аниқликда) тасвир узата олади. Юзасига энг мустаҳкам – Gorilla Glass Victus ҳимоя шишаси ётқизилган дисплейнинг кадр янгиланиш частотаси 120 герцгача боради. Экраности олд камеранинг аниқлиги эса 20 мегапикселни ташкил этади.

Xiaomi Mi Mix 4 бош камерасида асосий датчик сифатида 108 мегапикселлик, оптик формати 1/1,33 дюймлик ISOCELL Bright HMX сенсори қўлланган. Унинг юзасига ўрнатилган кенг бурчакли объектив эса еттита унсурдан ташкил топган ва асосий камера тасвирни оптик барқарорлаштириш тизими билан таъминланган.

Бош камера жамланмасидаги иккинчи – 8 мегапикселлик перископ камера эса телефотомодул бўлиб, нақ 50 карралик рақамли ҳамда 5 карралик оптик зумни таъминлай олади. Учинчи сенсор бўлса 13 мегапикселлик аниқликка ҳамда 120 кўриш бурчаги даражани ташкил этувчи кенг бурчакли объективга эга.

ЎҚИНГ: Android-смартфон камерасидан 100 фоиз фойдаланишнинг 10 та усули

Xiaomi Mi Mix 4 аппарат таъминоти асосини Qualcomm компаниясининг энг қудратли – 3 гигагерцгача частотада ишлай олувчи Snapdragon 888 Plus чипсети ташкил этади. Смартфонда тезкор хотира сифатида 6400 Мбит/сония тезликда ишлай олувчи LPDDR5 чипи қўлланган, доимий хотира чиплари ҳам янги авлод – UFS 3.1 тоифасига мансуб.

Девайснинг аккумулятори 4500 мА/соатлик ва у симли усулда 120 ваттлик, симсиз усулда эса 50 ваттлик технология бўйича қувватлана олади.

Xiaomi Mi Mix 4 корпусининг қалинлиги 8,02 миллиметрга, тенг ва у 225 грамм тош босади. Ишлаб чиқарувчи бу смартфонининг Harman Kardon стереодинамикларини, UWB алоқасини қўллаб-қувватлашини, NFC, Wi-Fi 6 ҳамда Bluetooth 5.2 интерфейсларини ҳам таъкидлаган.

Смартфон орқа панели керамикадан ишланган бўлиб, оқ, қора ва кул ранг вариантларда таклиф этилади. Компания уни 16 августдан бошлаб ўз юртида, тезкор/доимий хотира конфигурациясига боғлиқ ҳолда қуйидаги нархларда сота бошлайди:

  • 8/128 гигабайтлиги — 771 доллар
  • 8/256 гигабайтлиги — 817 доллар
  • 12/256 гигабайтлиги — 894 доллар
  • 12/512 гигабайтлиги — 972 доллар

Xiaomi Mi Mix 4 бошқа мамлакатлар бозорларига қачон ва қандай нархларда тақдим этилиши ҳозирча номаълум, Ўзбекистонда сотилаётган Xiaomi смартфонларининг Mediapark.uz, Asaxiy.uz, Openshop.uz ҳамда Olcha.uz онлайн дўконларидаги нархлари билан эса мана бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Энг қудратли Android-флагманлар глобал рейтингида янги қирол! (Antutu, 2021 йил июль)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.