"Ваъда қилинганидек" – Илон Маск Twitter логотипи Шиба Ину (Dogecoin) суратига ўзгартирди

Халқимизда "пули кўпнинг қилиғи кўп" деган ажойиб нақл бор ва бунга, эҳтимол, Илон Маскни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Миллиардер ўзининг Twitter ижтимоий тармоғидаги қушча логотипини Dogecoin криптовалютасидаги Шиба Ину кучуги суратига ўзгартирди (TechCrunch орқали). Айтиш керакки, ўзгариш фақат twitter.com веб-саҳифаси учун амал қилган, мобил иловалар учун эмас. Бунда Шиба Ину ижтимоий тармоқ веб-сайтининг асосий менюсида пайдо бўлган.

Фото: TechCrunch

Маълум бўлишича, компания раҳбари, Илон Маск, бу ишнини аввал ваъда қилгани учун амалга оширган. Янгилик Интернетда катта шов-шув кўтарганидан сўнг миллиардер бунга ўз муносабатини билдирган: у "Ваъда қилинганидек" деган ҳолда ўзининг ўтган йилги суҳбатининг скриншотини улашган.

– Илон Маск: Янги платформа керакми?

– "Chairman" номли фойдаланувчи: шунчаки Twitter'ни сотиб ол ва қуш логотипини doge'га (Dogecoin) ўзгартир

– Илон Маск: Ҳаҳа бу ажойиб бўлар эди.

Шиба Ину ҳали бери Twitter'нинг асосий саҳифасидан тушганича йўқ. Dogecoin нархи эса аллақачон ракетадек осмонга учиб улгурган – 30%.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.