«Вақти келди»: Qualcomm смарт-соатлар процессорининг иккинчи авлодини тақдим этяпти!

  •   DiMaX
  •  577
  •  08.08.2018 12:28

«Вақти келди»: Qualcomm смарт-соатлар процессорининг иккинчи авлодини тақдим этяпти!

Wear OS (аввалги Android Wear) билан ишловчи кўплаб қурилмаларнинг кўпчилигига ўрнатилатган Qualcomm 2100 чипи 2016 йили намойиш этилган. Тақилувчи гаджетларнинг оммабоплигига қарамасдан, ҳануз мазкур процессорнинг иккинчи авлоди чиқарилмай келаётганди.

ЎҚИНГ: Louis Vuitton салкам 3000 долларлик Android-соат чиқарди (+видео)

Энди эса янгиланиш вақти келди – етакчи чипсозлардан бўлмиш Qualcomm компанияси 10 сентябрга белгиланган тақдимот маросими учун журналистларга таклифнома тарқатмоқда.

Таклифномада фақатгина доирасимон шаклли «ақлли» соат тасвири ҳамда «It's Time» («Вақти келди») ёзуви мавжуд. Шунга қарамасдан, бу тадбирда айнан нима намойиш этилажаги маълум.

ЎҚИНГ: Samsung бехосдан Galaxy Watch’нинг сурат ва жиҳатларини эълон қилиб юборди

Илк Wear OS тизимида платформа смартфонлардан олинган ва соатга созланган бўлса, янги процессор айнан тақилувчи девайслар учун «нолдан бошлаб» тайёрланган. Бу эса қурилманинг қувватини тежашга ва бошқа жиҳатларини яхшилашга хизмат қилиши керак.

Бундан ташқари, аппарат платформасининг ўлчами ихчамлаштирилган, бу эса ишлаб чиқарувчиларга яна бир қулайлик – смарт-соатларни янада кичкинароқ қилиб чиқариш имконини бахш этади.

Хўш, Qualcomm’нинг янги процессори айнан қайси гаджетга биринчи бўлиб ўрнатилади ва уни қачон кўрамиз? Биламизки, Samsung’нинг янги авлод – Galaxy Watch смарт-соати эртага – 9 августдаёқ Galaxy Note 9 билан бирга тақдим этилади. Шундай экан, 10 сентябрда намойиш этиладиган чипнинг илк бор Google’нинг Pixel Watch девайсида қўлланишини кутиш мумкин.

ЎҚИНГ: Pixel Watch: ниҳоят, Google ҳам ўзининг илк смарт-соатини чиқаряпти!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.