Вазир ўринбосари Facebook, YouTube ва VKontakte ишидаги узилишлар сабабини айтди

  •   DiMaX
  •  1513
  •  19.10.2018 10:34

Вазир ўринбосари Facebook, YouTube ва VKontakte ишидаги узилишлар сабабини айтди

Хабарингиз бор – кейинги пайтларда Facebook ҳамда «ВКонтакте» ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube видеохостинги ишида узилишлар кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров бунинг тахминий сабабини айтди, деб ёзади «Газета.uz» нашри.

ЎҚИНГ: Яна нима бўлди: YouTube бутун дунёда ишламай қолди

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу техник узилишлар ташқи интернет-канал сиғимини ошириш учун янги ускуналарнинг ўрнатилиши сабабли юзага келган бўлиши мумкин. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мазкур лойиҳани ноябрь ойи охиригача якунлашни режалаштирмоқда.

«Биз интернет тезлигини ошириш лойиҳасини амалга оширишни якунламоқдамиз. Ўйлайманки, ноябрнинг сўнгига бориб фуқароларимиз ҳақиқатан ҳам натижани ҳис этишади... Айни дамда зарурий апгрейд учун бир қатор ускуналар харид қилинмоқда. Техник узилишлар ускуналарни синаб кўриш, апробация қилиш ва созлаш сабабли келиб чиққан бўлиши мумкин», – дея таъкидлаган Олимжон Умаров.

ЎҚИНГ: Йил охиригача интернет тезлиги қанчага ошади? Йўл харитасини томоша қилинг!

«Телекоммуникацион инфратузилмани модернизация қилиш талаб этилади, бу эса халқаро каналлардаги интернетга чиқишни таъминлайди. Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз, олдимизда янада ривожланиш вазифалари турибди. Биз рақамли иқтисодиёт масаласини муҳокама қилдик, унинг асосий ресурси – рақамли маълумотлардир. Агарда муносиб телекоммуникацион инфратузилма, юқори тезликдаги тўсиқсиз интернет бўлмаса, бу янгиланишлар бир пул – буларнинг бари қоғозда қолиб кетади», дея таъкидлади вазирнинг биринчи ўринбосари.

Ўзбекистонда YouTube видеохостингига киришдаги муаммолар октябрь ойининг бошида бошланганди. Унгача Facebook тармоғига киришда ҳам муаммолар бўлган. «ВКонтакте» фойдаланувчилари эса бир ойдан буён медиаконтентнинг акс эттирилиши ва ижроси билан боғлиқ муаммоларга дуч келишмоқда.

ЎҚИНГ: «Интернет ўчармиш»: ҳақиқатми ёки тутуриқсиз афсона

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!