Веб сервер нима?

Веб сервер нима?

Ҳозирги кунда интернет, жуда катта тезликда ривожланиб кетмоқда. Шу билан бирга интернетга оид хар ҳил терминлар кўпаймоқда. Мисол учун, сайт, портал, веб саҳифа, веб сервер,….Бу терминларни ўрганиш, ҳозирги замон учун муҳим ҳисобланмоқда. Бирор инсон билан интернет ҳақида гаплашсангиз, бу терминларни билмасангиз, бошқа тилдаги инсон билан гаплашгандай бўласиз ва уни тушунмайсиз. Бу мақолада шундай терминлардан бири – веб сервер ҳақида тўхталиб ўтаман.

Бирор бир интернет сайтга кириш учун, броузерга адрес ёзсангиз, броузер шу сайт жойлашган компьютерга, сайтдаги маълумотларни кўрсатиш ҳақида сўров жўнатади, компьютер оддий темир бўлгани учун бу сўровни тушунмайди. Шунинг учун, яъни бу сўровни тушуниши учун, компьютерга дастур ўрнатилади. Мана шу дастур веб дастур дейилади. Бу компьютер эса, веб серверга айланади. Ҳозирда веб дастур дейилмасдан, умумий ҳолда веб сервер дейилмоқда.

Демак, веб сервер — мижоздан келаётган сўровларни қабул қилиб, тегишли жавобни жўнатадиган дастурдир. Мижоз сифатида веб броузер (http, https протоколи орқали), мобиль телефон (wар протоколи орқали), баъзи дастурлар (антивируслар) бўлиши мумкин. Веб сервер орқали бутун сайт бошқарилади, яъни сайт каталогларига рухсатларни беради, хавфсизлик жиҳатидан IP манзилларни блокка олади, фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва бошқа кўплаб ишларни амалга оширади.

Веб серверни сиз ўз уйингизда яратишингиз мумкин. Унинг учун битта компьютер ажратиб, унга бирор веб дастур ўрнатасиз ва бу дастурни яхшилаб созлашингиз керак бўлади. Сўнг ўз сайтингизни шу серверга жойлаштирасиз ва бирор домен сотиб оласиз. Бундан келиб чиқадики, сайтингиз ишлаши учун сиз ажратган компьютер доим ёқилган ҳолатда бўлиши керак.

Веб серверни тушунтириш учун битта лирик чекиниш, ўхшатиш қиламан (қўполроқ бўлиши мумкин. Тушунтириш учун нималар қилишмиди-а). Бирор сайтни битта сомса деб тасаввур қиламиз. Сомса ичидаги масалиғлар, сайтнинг ичидаги маълумотлар (матн, расм, видео,..). Бу сомсани бирор бир инсон пиширган, демак пиширган одам, веб дастурчидир (кимлардир сомса пишишига ёрдам берган бўлиши мумкин, булар веб дизайнерлар, версткачилар). Бу сомсани сотиш керак, унинг учун жой топиш керак ва руҳсат олиш керак. Бу ўхшатиш домен ва хостингга мос тушади. Сотувчи бўлса, веб сервердир, яъни сотишни бошқаради (пули борларга сотади, ҳоҳласа сотмаслиги ҳам мумкин), ҳуллас сотишни бошқаради. 🙂

Веб серверга ўрнатиладиган веб дастур турлари кўпдир. Энг замонавий ва энг оммабоп дастур бу – албатта “Apache”дир. Apache Software Foundation корхонаси томонидан чиқарилган. Қуйида баъзи бир веб серверларни номини келтирдим.

Apache – Apache Software Foundation
IIS – Microsoft маҳсулоти ҳисобланади. Сервер операцион тизимларига ўрнатилган (Windows Server 2003, Windows Server 2008,..).
Nginx – очиқ веб сервер. Катта ҳажмдаги сайтлар учун.
Lighttpd– очиқ веб сервер.
Google Web Server– Google томонидан ишлаб чиқилган веб сервер.
Resin
Cherokee – веб интерфейс орқали бошқарилади.
Rootage– Java тилида ёзилган веб сервер.
THTTPD – оддий, кичик ҳажмдаги, тез ва хавфсиз веб сервер.

Манба: ITportal.uz