Vertu 8,000 долларга олд камерасиз букламафонни тақдим қилди

Vertu 8,000 долларга олд камерасиз букламафонни тақдим қилди

Ҳашаматли Vertu бренди янги премиум букламафон, Ayxta Hybrid Fold 3'ни чиқарди. Қурилма Хитойда сертификатланган, лекин расман оммага тақдим қилинмаган Royale F3'дан "илҳомланиб" дизайнланган бўлиб, у фақат ташқарига букланади. 

Ayxta Hybrid Fold 3 букламафони 7.2 дюймли, 1620х1520 резолюциядаги AMOLED экран билан жиҳозланган. Унда алоҳида олд камера мавжуд эмас. Орқа камералари фақат иккита: 48/16 мегапикселли ва улар ташқарига чиқиш хусусиятига эга. Бу билан улардан селфи камера сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. 

Гарчи қурилма премиум дея бонг урилаётган бўлса ҳам, унга эски Snapdragon 765G чипсети ўрнатилган. Қолаверса, у Android 10 операцион тизимида ишлайди. Унинг оператив хотираси атиги 8ГБ, доимий хотираси эса 256 ГБ. Қурилманинг 3,500 мА/с сиғимли батареяси USB-C порти орқали қувватланади. Оғирлиги 295 грамм бўлган букламафоннинг агар "+" томони бўлса, бу унинг 5G'ни қўллаб-қувватлашидир.

Букламафон орқа томони тимсоҳ териси билан қопланган. Компания қурилмага букланганида худди сумкачага ўхшаб кўринадиган фон суратларини, шу билан бирга, унинг ён томонларига тасмалар улаш имконини берадиган махсус маҳкамлагичларни ҳам қўшган. 

Ayxta Fold 3 усти ялтироқ, ичи қалтироқ букламафони 7 хил рангларда, $8,000 нархда сотувга чиқарилади.

ЎҚИНГ: Asus ExpertBook B1 - самарадорлик учун ажойиб ноутбук

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!