ВИДЕО: Nokia’нинг илк «ўлмас» смартфонини «ичак-човоғини ағдариб» кўрсатишди

  •   DiMaX
  •  630
  •  07.08.2021 09:48

ВИДЕО: Nokia’нинг илк «ўлмас» смартфонини «ичак-човоғини ағдариб» кўрсатишди

HMD Global компанияси ўтган ойда мустаҳкам муҳофазали биринчи смартфони – Nokia XR20 русумли қурилмасини тақдим этган эди. Ушбу гаджет нақ Android 14 талқинигача янгиланиши билан ҳам эътиборга тушган.

ЎҚИНГ: Қайси смартфонлар нақ Android 14 талқинигача янгиланади?

PBKreviews номли YouTube-канал муаллифи шу Nokia XR20 смартфонининг ичини очиб кўриб, видеосини эълон қилди. Бундан мақсад – девайснинг муҳофазасини айнан нималар таъминлаб бераётганиги аниқлик киритиш, шунингдек, унинг таъмирга қанчалик яроқли эканлигини баҳолаш эди.

Видеолавҳа муаллифи қурилма корпусининг қирралари резина билан ҳимояланганлигига урғу берган. Корпуснинг мустаҳкамлиги учун алюминийдан ишланган ром масъул – у смартфонни букилишдан асрайди. Бундан ташқари, Nokia XR20 орқа панели мустаҳкамланган пластикдан ясалган.

Маълум бўлишича, бу «ўлдириб бўлмас» смартфоннинг IP68 стандартига кўра чанг ва сувдан ҳимоясини USB Type-C порти ҳамда динамик атрофига қўйилган резина прокладкалар таъминлайди.

Шунга қарамасдан, влогер Nokia XR20 моделининг таъмирга яроқлилигини юқори баҳоламаган. Унинг таъкидлашича, аккумуляторни чиқариб олишга анча кўп куч сарфлаш керак бўлади – уни жуда кўп миқдордаги елим билан ёпиштиришган.

Смартфоннинг олд панелини алмаштириш учун уни деярли тўлиғича қисмларга ажратиш талаб этилади. Демонтаж натижаларига кўра, видеоблогер Nokia XR20 таъмирга яроқлилигини 10 баллдан 6,5 баллга баҳолаган.

ЎҚИНГ: Хитойнинг бу «ўлмас» смартфони iPhone 12 ва Xiaomi Mi 10 Ultra’ни мағлуб этди! («жонли» видео)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!