Виртуал реалликни қандай келажак кутмоқда?

Виртуал реалликни қандай келажак кутмоқда?

Америкалик инвестор ва стартаплар асосчиси Жорж Билл Huffingon Post нашрида виртуал реаллик соҳасини АҚШда шиддат билан ривожланаётган соҳалар қаторига қўшган. Умуман олганда унинг фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ, сабаби виртуал реаллик инновациялари қай даражада кучли таъсирга эгалигига ўзимиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ҳатто Тошкентнинг баъзи истироҳат паркларида VR гарнитуралар аттракционларнинг бирига айланганини кўришимиз мумкин.

Ушбу технология бундан бир неча йил илгари пайдо бўлган. 2012 йилда Kickstarter платформасида Oculus стартапи виртуал реаллик гарнитурасини ишлаб чиқариш учун маблағ йиғишни бошлаб юборди. Лойиҳага зарур 250 минг доллар тўрт соат ичида йиғилди. Шундан кейин компания бир қатор кўргазмаларда иштирок этди, лойиҳани кўплаб компьютер саноати вакиллари қўллаб-қувватладилар.  Орадан уч йил ўтиб, 2015 йилнинг январь ойида илк виртуал реаллик гарнитураси Oculus Rift CV1 сотувга чиқарилади. Қизиғи шундаки, ушбу гарнитураларнинг барча партиялари 14 дақиқада сотиб юборилади. Бу эса виртуал реаллик инновацияларига нақадар кучли талаб мавжуд бўлганини исботлади. Шундан кейин бундай лойиҳаларга миллионлаб доллар сармоя ажратилади, кўплаб технологик гигантлар уни ишлаб чиқариш билан қизиқиб қоладилар.

Виртуал реаллик ечимлари қўлланилиши мумкин бўлган соҳалар:

  1. Компьютер ва мобил ўйинлар
  2. Кино
  3. Спорт транслациялари ва шоулар
  4. Ижтимоий тармоқлар
  5. Таълим
  6. Тиббиёт
  7. Савдо ва кўчмас мулк
  8. Саноатнинг турли тармоқлари

Албатта, бошқа соҳалар ҳам истисно эмас, уларнинг сафи вақт ўтган сари кенгайиб бораверади.

SonyPlaystation VR, HTC Vive ва Valve гаджетлари ҳозирда Oculus Rift гарнитурасининг компьютер ўйинлари соҳасидаги энг асосий рақиблари ҳисобланади.Уларнинг орасида HTC Vive бошқа гарнитураларга қараганда анча қимматроқ нархда сотилади. Мазкур соҳада виртуал реаллик имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкин. Айни пайтда ушбу сегментни оммалаштириш мақсадида HTC Хитойда ўнлаб VR кафеларни ишга туширмоқда.

Виртуал реаллик форматида ишланган фильмларнинг бозори ҳозирда 44 млрд долларга тенг ва бу сон кундан-кунга ортаверади. Мутахассисларнинг фикрича, келажакда виртуал реаллик туфайли кинотеатрлар бутунлай йўқ бўлиб кетади. Одамлар гарнитурани бошига таққан ҳолда уйидан туриб исталган янги фильмни томоша қилиш имкониятига эга бўладилар. Google 2016 йилда ҳатто биринчи виртуал мусиқий концертни ҳам ташкил қилишга улгурди. Худди шундай спорт соҳасида ҳам барча мусобақаларни виртуал тарзда транцлация қилиш мумкин бўлади, яъни одамлар барча турнирларни уйдан туриб бевосита VR шлем орқали кузатадилар. АҚШ баскетбол лигасининг 2016 йилдаги баъзи ўйинлари виртуал реаллик режимида ҳам эфирга узатилди.

Шунингдек, виртуал реаллик инновацияларидан тиббиёт ва таълим йўналишларида ҳам самарали фойдаланса бўлади. Прогнозларга қараганда, виртуал реалликка мўлжалланган тиббиёт ускуналари бозорининг ҳажми 2025 йилга бориб 5,1 млрд долларга тенг бўларкан. Бундай қурилмалар беморни масофадан туриб даволаш, текшириш, ташхис қўйишга ёрдам беради. Шу билан бирга ўта мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказишга замин яратади.  Таълимда ушбу инновациялардан аниқ ва табиий фанлар йўналишларида фойдаланиш мумкин.

Кўчмас мулк ва савдо соҳаларида эса виртуал реаллик истеъмолчиларга катта қулайликлар яратади. Масалан,уй сотиб олмоқчи бўлган харидорлар бирор уйни бориб кўриш ўрнига виртуал реаллик шлеми орқали уни кўздан кечиришлари мумкин бўлади. Ҳозирда айнан мана шундай технология устида ишлаётган Тайваннинг iStaging стартапи жами 5 млн доллар инвестиция жалб қилган.

Саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларида виртуал реаллик лойиҳалаштириш, тадқиқот  ва тренинг мақсадлари учун хизмат қилиши мумкин. SDK Lab, IrisVR, Inreal Technologies каби стартаплар ҳозирда нефт ва газ, архитектура ва дизайн соҳаси вакиллари учун виртуал реаллик асосидаги турли ечимларни ишлаб чиқмоқда.

Виртуал реаллик технологиялари турмушнинг турли жабҳаларига шиддат билан кириб келмоқда. Ҳозирча барча унинг фақат ижобий томонларини кўрмоқда. Мазкур инновация илм-фандаги ўта аҳамиятли янгилик бўлганига ҳеч ким шубҳа билдирмаяпти.

rb.ru материаллари асосида тайёрланди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.