Vivo Apex 2019 тақдим этилди: Snapdragon 855 чипли, умуман тирқишсиз ва тугмачасиз илк 5G-смартфон!

  •   DiMaX
  •  1897
  •  24.01.2019 18:14

Vivo Apex 2019 тақдим этилди: Snapdragon 855 чипли, умуман тирқишсиз ва тугмачасиз илк 5G-смартфон!

Кейинги пайтларда турли инновацион ечимларни етакчи смартфонсозлардан аввал тақдим этиб келаётган Vivo умуман бирорта ҳам порти ва тугмачаси бўлмаган смартфон тайёрлаганини айтганди. Лекин кутилмаганда Meizu ҳам отни қамчилаб қолди – ҳамюртидан аввал худди шундай қурилмасини тақдим қилди!

ЎҚИНГ: Meizu Zero расман намойиш қилинди – ҳеч қанақа тугмача, динамик, SIM-карта уячаси ва порти бўлмаган илк смартфон!

Ниҳоят, бугун кодли номи The Waterdrop («сув томчиси») бўлган антиқа смартфон – Vivo Apex 2019 ҳам махсус тадбирда расман намойиш этилди. Унинг кўп жиҳатлари Meizu Zero билан ўхшаш, аммо фарқли (ва устун) томонлари ҳам бор.

Аввало, Apex 2019 моделида аккумуляторни қувватлаш учун махсус магнитли коннектор қўлланган, у купертинолик корпорациянинг MagSafe технологиясига ўхшаб кетади. Айни шу коннектор орқали маълумот алмашиш ҳам йўлга қўйилган.

Смартфон корпуси unibody технологияси асосида ишланган бўлиб, Meizu Zero’дан устунроқ кўрсатиш учунми, Vivo ишлаб чиқувчилари уни Super Unibody деб аташмоқда. Лекин чиндан ҳам қурилманинг олд ва орқа панеллар ўзаро шундай битишиб кетганки, умуман чоки йўқ. Смартфоннинг ўзи гўёки шиша билан қоплангандек – уни ушлаб кўрганлар «металл совун»га ўхшатишгани бежиз эмас экан.

Meizu Zero моделида дисплейнинг тепасидаги энлигина ромда селфи-камера кўриниб турган бўлса, APEX 2019 экранининг юпқа ҳошиясига унинг сиғиши ҳам қийин. Негадир тақдимотда Vivo вакиллари олд камера ҳақида ҳеч нима дейишмаган – ишқилиб, бу масала тушунарсиз. Смартфоннинг асосий камераси эса қўшалоқ – у 12 ва 13 мегапикселлик датчикларни ўз ичига олган.

Vivo Apex 2019 энг сўнгги флагман процессор – Snapdragon 855 базасида ишлайди; унга Qualcomm X50 5G-модеми ҳам жорий этилган. Мазкур смартфон тезкор хотираси айни дамда энг юқори – 12 гигабайт, доимий хотираси эса 256 гигабайт ҳажмга эга.

ЎҚИНГ: Snapdragon 855 ва 12/512 ГБгача хотирали илк смартфон – атиги 390 доллардан бошланувчи Lenovo Z5 Pro GT тақдим этилди!

Энг ажойиб жиҳатларидан бири – ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, Vivo Apex 2019 моделида бармоқ изи сканери дисплейнинг деярли барча юзасида ишлайди! Мазкур технология Fullscreen Fingerprint деб номланмоқда.

Meizu Zero смартфонидаги сингари, «сув томчиси»да ҳам сўзлашув динамиги ва оддий динамик ўрнига Body Soundcasting технологияси қўлланган. Смартфоннинг «чоксиз» конструкцияси туфайли, овоз дисплей орқали узатилади, микрофон вазифасини ҳам экраннинг ўзи бажаради. Дарвоқе, AMOLED-экраннинг ўлчами диагоналига 6,39 дюймга тенг, тасвир аниқлиги бўлса 2340х1080 пикселни ташкил этади.

Смартфон корпусида овозни баландлатиш/пастлатиш ҳамда қурилмани ёқиш/ўчириш тугмачалари йўқ – улар ўрнига босишни сезувчи махсус сенсор юзалар мавжуд. SIM-карта уячаси ҳам кўзда тутилмаган – унда eSIM технологияси қўлланган.

Мана, сўзимиз сўнгида Vivo Apex 2019 смартфонига бағишлаб тайёрланган видеолавҳани томоша қиламиз:

Айтиш керакки, Vivo Apex 2019 – концептуал қурилма, унинг бозорга (ҳар ҳолда, яқин орада) чиқарилишини кутмай турганимиз маъқул. Бунинг устига, Vivo компанияси шунга ўхшаш технологияларга эга бошқа бир янги смартфонини MWC 2019 кўргазмасида намойиш этмоқчи – сотувга ўшаниси чиқади. Хуллас, бу компаниядан ҳали янада қизиқ инновациялар кутсак арзийди.

ЎҚИНГ: Келажак смартфонларида интерфейс қандай кўринишда бўлади

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!