Vivo дунёдаги илк «хамелеон» смартфоннинг сирини очди («жонли» видео)

  •   DiMaX
  •  884
  •  04.09.2020 15:47

Vivo дунёдаги илк «хамелеон» смартфоннинг сирини очди («жонли» видео)

Кечагина биз антиқа – корпусининг ранги ўзгарувчи смартфоннинг «жонли» видеоролигини эълон қилган эдик. Ўша лавҳани машҳур инсайдер Ice Universe тарқатган, аммо қурилма қайси компанияга тегишли эканини айтмаган.

ЎҚИНГ: Афсонавий Nokia 3250 эсингиздами? Vivo эса шунақа форм-факторли смартфон патентлади!

Энди эса мана шу «хамелеон» смартфоннинг ишлаб чиқувчиси маълум бўлди. Бу – турли тажрибалари билан етакчи компанияларни ҳам ортда қолдириб келаётган Vivo экан.

Vivo янги видеолавҳасида ушбу технология имкониятларини кўрсатишдан ташқари, унинг қандай ишлаши ҳақида ҳам маълумот берди. Компания вакилининг изоҳича, бунга электрохром шиша ёрдамида эришилган: унга ойналарни қорайтириш (тонировка) учун ишлатиладиган усулда ишлов беришган.

Ушбу смартфоннинг моделини Vivo ҳали сир тутмоқда; бундан ташқари, янги роликда ҳам унинг бош камера блоги яшириб қўйилган. Афтидан, бу ҳали тайёр бўлиб улгурмаган бирор янги моделнинг прототипи бўлса керак.

Эслатиб ўтамиз, OnePlus компанияси жорий йилнинг бошида ўзининг OnePlus Concept One номли концептуал смартфонида ҳам юқоридагига ўхшаш технология қўллаган. Видеосида ҳам кўриш мумкинки, унинг бош камераси модуллари деярли кўринмас бўлиб яширина олади. Бундай эффектга эса унинг устидаги электрохром шиша орқали эришилган – у шаффоф ёки тўқранг бўла олади.

ЎҚИНГ: Энг оригинал – айланма экранли LG Wing смартфонини илк «жонли» видеода кўрамиз!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!