Vivo сирли смартфон тайёрламоқда: олд панели фақат дисплей, селфи-камера умуман йўқ!

  •   DiMaX
  •  1078
  •  06.02.2018 16:08

Vivo сирли смартфон тайёрламоқда: олд панели фақат дисплей, селфи-камера умуман йўқ!

Кейинги йилларда турли инновациялар бўйича етакчи компаниялардан ўзиб кетаётган смартфонсоз Vivo ҳисобланади. Жумладан, бармоқ изи сканерини дисплейнинг ўзига жойлашга кўплаб йирик ишлаб чиқарувчилар ҳаракат қилишди, аммо...

ЎҚИНГ: Apple ва Samsung уддалай олмаган технологияни Vivo амалга оширди

Шу кунларда хитойлик инсайдерлар Vivo компанияси лойиҳалаштираётган сирли смартфоннинг суратини ошкор этишди. Қурилманинг асосий ўзига хослиги – корпус олд юзасининг 95 фоизини ромсиз экран эгаллаган. Афтидан, трендга хос тарзда унинг дисплейи томонлари ўзаро 18:9 нисбатда, аммо бошқа тафсилотлари маълум эмас.

Янаям қизиғини расмда ўзингиз ҳам пайқагандирсиз – бу смартфонда олд камера ва бошқа датчиклар умуман йўқ! Эҳтимол, у Huawei Honor 7i услубида бўлар – йиғма тарздаги орқа камера корпус устига «очилиб», селфи-камера вазифасини ҳам бажарар.

Хабарларга кўра, янги гаджет бозорга чиқариладиган бўлса, дактилоскопик датчик дисплейнинг ўзига ўрнатилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, компаниянинг сўнгги флагмани – Vivo X20 Plus UD худди шундай сенсорга эга илк ва ҳозирча ягона смартфон ҳисобланади.

ЎҚИНГ: Дисплей сканерига эга илк смартфон сотувга чиқарилди

Афсуски, Vivo’нинг мазкур ғалати қурилмаси ҳақида ҳозирча шундан бошқа маълумот йўқ. Ҳали бу шунчаки синов тарзида яратилган прототип бўлиши, бозорга чиқарилмаслиги ҳам мумкин.

Нима бўлганда ҳам, мазкур хитойлик компаниянинг смартфонсозлик борасидаги ҳаракатлари, тажрибалари ва эришаётган натижалари таҳсинга лойиқ. Дактилоскопик сенсорли экранга эга моделидан ташқари, Vivo яна бир жиҳат бўйича рекордчи смартфон тақдим этиш арафасида турибди.

ЎҚИНГ: Vivo яна етакчи смартфонсозларни доғда қолдирди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!