Vivo X60 ҳамда X60 Pro намойиш қилинди: Exynos 1080 процессорли илк смартфонлар!

  •   DiMaX
  •  863
  •  30.12.2020 13:00

Vivo X60 ҳамда X60 Pro намойиш қилинди: Exynos 1080 процессорли илк смартфонлар!

Ўтган ойда Samsung компанияси Exynos 1080 русумли мобил чипсетини тақдим қилган эди. Хитойлик компания кеча – 29 декабрь куни унинг базасидаги биринчи қурилмалар – Vivo X60 ва X60 Pro камерофонларини тақдим этди.

ЎҚИНГ: Турли ҳудудларда энг оммабоп смартфон брендлари қайсилар?

Vivo X60 ҳамда X60 Pro моделларининг ўзаро фарқлари кам, шулардан бири – стандарт флагманда теп-текис, про-версияда эса четлари қайрилма экран қўлланган. Уларнинг ҳар иккаласида дисплейнинг ўлчами диагоналига 6,56 дюймлик экран, тасвир аниқлиги эса Full HD+ форматида (2376х1080 пикселлик). Смартфонлар экрани HDR10+ технологиясини қўллаб-қувватлайди; унда кадр янгиланиш частотаси 120 герцлик бўлса, сенсор қатламининг дискретизацияси 240 герцга тенг. Дисплейнинг юқори қисми ўртасида 32 мегапикселлик олд камера тирқиши очилган.

Янги камерофонларда, яп-янги Samsung Exynos 1080 процессоридан ташқари, 8 ёки 12 ГБлик тезкор ҳамда 128 ёхуд 256 ГБлик доимий (UFS 3.1 стандартли) хотира чиплари ишлатилган.

Vivo X60

Стандарт флагман – Vivo X60 моделининг бош камераси уч модулли: асосий датчик сифтида 48 мегапикселлик Sony IMX598 қўлланган. Иккинчи – 13 мегапикселлик сенсор эса кенг бурчакли (120 даражали) оптика билан бирлашган. Камера жамланмасидаги учинчи модул эса 13 мегапикселлик портрет камерасидир.

Vivo X60 Pro бош камерасида эса тўртта сенсор қўлланган; улардан дастлабки учтаси худди шеригидаги каби, фақат асосий датчикнинг диафрагмаси кичкинароқ. Тўртинчи модул сифатида бўлса 8 мегапикселлик камера қўлланган; у 5 карралик оптик зум билан бойитилган.

Vivo X60 Pro

Бундан олдинги Vivo X50 серияси вакилларидаги каби, камеранинг ўзига тўртта ўқли стабилизатор (Big Eye тизими) жорий этилган. Бундан ташқари, Vivo X60 туркуми компаниянинг Zeiss оптикали биринчи камерофонларидир.

ЎҚИНГ: Энг зўр процессорли энг арзон 5G-флагман мутлақ рекорд ўрнатди!

Vivo X60 ҳамда Vivo X60 Pro смартфонларининг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, улар Apple дизайнери яратган график қобиқ – Origin OS билан чиқарилган.

Дарвоқе, иккита янги моделнинг орасидаги яна бир фарқ аккумуляторнинг ток сиғимига тегишли: Vivo X60 смартфонига 4200 мА/соатлик, X60 Pro версиясига эса 4300 мА/соатлик батарея ўрнатилган. Лекин ҳар иккаласига бир хилда – 33 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси татбиқ этилган.

Энг асосийси – нархлари масаласига келадиган бўлсак, стандарт камерофон тезкор/ички хотира конфигурациясига кўра уч хил вариантда сотилади:

8/128 ГБлик Vivo X60 модели – $535

8/256 ГБлик Vivo X60 модели – $581

12/256 ГБлик Vivo X60 модели – $612

Vivo X60 Pro модели бўлса фақат бир хилдаги – 12/256 ГБлик хотира билан, 689 доллардан таклиф этилади. Компания бу флагманларини 2021 йил январдан сотувга чиқаради.

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг оммабоп 20 смартфони

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!