Vivo Xplay 5 – дунёдаги илк 6 Гб тезкор хотирага эга смартфон

Vivo Xplay 5 – дунёдаги илк 6 Гб тезкор хотирага эга смартфон

Замонавий смартфонларнинг қуввати юқори суръатларда ривожланиб бораётгани тез орада уларнинг энг сўнгги ўйин консолларига етиб олишидан далолат бермоқда. Яқиндагина Хитойда намойиш этилган Vivo Xplay 5 смартфони бунга мисол бўла олади. У 6 Гб тезкор хотирага эга дунёдаги илк смартфон ҳисобланади. Бу ҳақда Gagadget.com сайтига таяниб Terabayt.uz хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, Vivo смартфонининг техник хусусиятлари ҳам бошқалардан қолишмайди: унга Qualcomm Snapdragon 820 флагман процессори ва Samsung Galaxy S7 edge каби қирралари қайрилган 5,43 дюймли AMOLED дисплей (2560×1440 пиксел) ўрнатилган. Смартфоннинг ички хотираси 128 Гб га тенг.

Флагман қобиғи (корпуси) алюминий ва магнийдан тайёрланган. f/2.0 диафргама ва Sony IMX298 модулли асосий камера 16 Мп бўлса, олд камера — 8 Мп. Сўнгги модел смартфонларида бўлганидек, унинг асосий камераси остига бармоқ изи сканери жойлаштирилган.

Гаджет 3600 мАсоат сиғимли аккумулятордан қувват олади. Смартфон FunTouch OS дастурий қоплама(интерфейс)ли Android 6.0 Marshmallow операцион системаси асосида ишлайди.

Vivo Xplay 5 Ultimate Edition 650 долларга баҳоланмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.