WhatsApp айрим мамлакатларда асосий янгиликлар сервисига айланди

  •   DiMaX
  •  839
  •  27.06.2017 12:43

WhatsApp айрим мамлакатларда асосий янгиликлар сервисига айланди

Журналистикани ўрганиш бўйича Рейтер институти томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, WhatsApp мессенжерининг оммабоплиги ошиб бораётир. Сўров 36 мамлакатдаги 71 805 нафар респондент орасида ўтказилган, деб ёзади Engadget нашри. Аниқланишича, кўпчилик мамлакатларда WhatsApp етакчи мулоқот сервиси бўлибгина қолмасдан, балки сўнгги янгиликлардан бохабар бўлишнинг асосий воситаси ҳамдир.

Сўралганларнинг 47 фоизи янгиликларни ўқиш учун биринчи навбатда Facebook ижтимоий тармоғига киришини айтган, лекин ўтган йилгигига солиштирганда, бу рақам бўйича кўпчилик мамлакатларда пасайиш сезилади. 15 фоиз сўралганлар эса дунё воқеалари ҳақида хабарлар олиш учун WhatsApp мессенжерига мурожаат этишар экан. Айрим мамлакатларда бу кўрсаткич жуда юқори: Малайзиядаги сўралганларнинг ярмидан кўпроғи, бразилиялик респондентларнинг эса 46 фоизи ушбу сервисдан асосий янгиликлар олиш воситаси сифатида фойдаланар экан. Шунингдек, Чили, Сингапур, Гонконг, Испания ва Туркияда ҳам WhatsApp оммалашиб бораётгани қайд этилган.

Янгиликлардан бохабар бўлиш учун кишилар нега биринчи навбатда чат-иловага мурожаат этишади? Бунинг иккита асосий сабаби бор. Биринчидан, сўров ўтказилган мамлакатларнинг айрим уяли алоқа операторлари ўз интернет-тўпламларига WhatsApp учун бепул трафик ҳам қўшиб тақдим этишади. Иккинчидан, мазкур сервисдаги узлуксиз шифрлаш технологияси кишиларни жалб этади. Хусусан, ҳукуматга қарши кайфиятдаги фикрларини ошкора ифодалаш хавфли бўлган давлатларда аҳоли мазкур ахборот каналларини маъқул кўради.

Шунингдек, Facebook’ка бўлган ишонч бирмунча сусайгани ҳамда мазкур ижтимоий тармоқда медерация ўта қаттиқлиги – нашр этилганлар ўчирилиши ва аккаунтлар блокланиши ҳам WhatsApp’нинг фойдасига ишлаган. Эслатиб ўтамиз, яқиндагина Ogilvy  халқаро алоқа агентлиги босма оммавий ахборот воситаларининг 250 нафарга яқин муҳарри ва мухбирлари орасида сўров ўтказган эди. Унинг натижаларига кўра, бугунги кунда Facebook ижтимоий тармоғи янгиликларнинг асосий етказувчисига айланган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!