WhatsApp’да узоқ кутилган янгиланиш: энди уни бармоқ изи ва юз сканерлари орқали ҳам қулфлай оласиз!

  •   DiMaX
  •  489
  •  05.02.2019 10:18

WhatsApp’да узоқ кутилган янгиланиш: энди уни бармоқ изи ва юз сканерлари орқали ҳам қулфлай оласиз!

Дунёдаги энг оммавий WhatsApp мессенжерининг iOS-иловаси шу кунларда янгиланиб, қўшимча ҳимояга эга бўлди. Яъни, мазкур клиентни энди биометрик идентификация орқали очиладиган қилиб қўйиш мумкин.

ЎҚИНГ: WhatsApp’дан фойдаланинг. Telegram, Facebook Messenger ва Google Allo’га ишонч йўқ!

Энди «тишланган олмали» смартфонлар эгалари WhatsApp иловасининг қулфини бармоқ изи сканери (iPhone 5S дан 8/8 Plus’гача бўлган моделларда) ҳамда қиёфа сканери (iPhone X ва ундан кейинги моделларда) орқали очиладиган қилиб қўя оладилар.

Мазкур мессенжерда Face ID ҳамда Touch ID орқали ҳимояланиш учун, унинг созламаларида «Учетная запись», кейин эса «Конфиденциальность» бандларига кириш ҳамда тегишли усулдаги блокировкани фаоллаштириш лозим.

ЎҚИНГ: WhatsApp’да хабарларни турли форматларда ёзишни ўрганамиз

Эслатиб ўтамиз: гарчи бармоқ изи ёки қиёфа сканери орқали қулфланган бўлса-да, WhatsApp’нинг билдиришномалари ва тезкор жавоб функцияси аввалгидек ишлайверади. Аммо иловадан тўлақонли фойдаланиш учун биометрик маълумотлар орқали шахсни тасдиқлаб кириш керак бўлади. Яъни, гарчи бировнинг қўлига тушиб қолган смартфонингиз қулфланмаган бўлса-да, ундаги WhatsApp’га ўзингиздан бошқа ҳеч ким кира олмайди.

Айтиш керакки, бу функциялар ҳозирча WhatsApp’нинг фақат iOS тизими учун ишлаб чиқилган клиентидагина амал қилади. Лекин яқин орада Android-қурилмалар эгалари учун ҳам шу имкониятлар тақдим этилади: бу платформада ҳам аллақачон уни синаб кўришган.

Дарвоқе, мазкур мессенжерни юклаб (ёки янгилаб) олиш учун iPhone эгалари мана бу ҳавола орқали ўтишлари мумкин.

ЎҚИНГ: WhatsApp’даги махфий функция орқали суҳбатдошнинг жойлашувини кузатса бўлади!