WhatsApp фойдаланувчилари тез орада ўз хабарларни янгича кўринишда юборишлари мумкин бўлади

WhatsApp фойдаланувчилари тез орада ўз хабарларни янгича кўринишда юборишлари мумкин бўлади

Meta компаниясининг кўпчиликка таниш бўлган WhatsApp мессенжерида сиз бошқалар билан матнли ва овозли хабарлар ёки видео қўнғироқ орқали суҳбатлашишингиз мумкин. Тез орада эса сиз видео хабар юбориш имконига ҳам эга бўласиз.

WABetaInfo веб-сайти iOS учун WhatsApp иловасида яширин функцияни пайқаб қолди. Маълум бўлишича, бу видео хабарлар юбориш функцияси бўлиб, у ҳатто бета версия фойдаланувчилари учун ҳам очиқ эмас.

Янги функция фойдаланувчиларга 60 сониягача бўлган қисқа видеолар юбориш имконини беради. Видеолар юмалоқ шакл ичида бўлади, худди Telegram'дагидек. Уларни камера тугмасини босиш орқали ёзиш ва юбориш мумкин. Айтиш керакки, бундай қисқа видео хабарлар ўзингизни осон ифода этиш, айниқса, камерада нимадирни тезкор кўрсатиш керак бўлганида жуда қўл келади.

Таъкидлаш жоизки, Павел Дуровнинг Telegram мессенжерида бундай юмалоқ видео хабарлар юбориш имконияти 6 йил аввал, 2017 йилнинг май ойида чиқарилган.

Видео хабарлар end-to-end, яъни охиригача шифрланган бўлиши айтилмоқда. Бу шуни англатадики, ҳечким, на WhatsApp, на Meta сизнинг видеойингизни кўра олади ва шу билан бирга уни сақлаш ёки бошқага жўнатишнинг имкони бўлмайди, аммо скриншот олса бўлади.

Афсуски, янги функция қачон чиқарилиши ҳозирча номаълум.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!