WhatsApp "ҳушидан кетти" ёхуд мессенжерда бутун дунё бўйлаб узилишилар кузатилмоқда

WhatsApp

Meta компаниясининг WhatsApp мессенжери дунё бўйлаб ишламай қолди. Хизмат ишлашида Тошкент вақти билан 12:00 атрофидан бошлаб муаммолар кузатила бошлаган бўлиб, фойдаланувчилар иловаларга кирганларида "Уланмоқда..." билан қолиб кетишган. Ҳатто, хизматнинг веб-платформасига компютер орқали кирилганида ҳам "Компютерингиз фаол интернет алоқаси борлигига ишонч ҳосил қилинг" чиқиб қолмоқда.

Downdetector'га кўра, WhatsApp билан боғлиқ муаммолар ҳақида 60 000 дан ортиқ шикоятлар келиб тушган ва узилиш бутун дунё бўйлаб фойдаланувчиларга таъсир қилган.

"Биз ҳозирда баъзи одамлар хабар юборишда муаммога дуч келаётганини биламиз ва биз WhatsApp'ни ҳамма учун имкон қадар тезроқ тиклашга ҳаракат қилмоқдамиз", дейди Meta матбуот котиби Жошуа Брекман The Verge нашрига берган баёнотида.

Таъкидлаш жоизки, Бу WhatsApp'нинг ўтган йилдан бери илк марта катта узилишидир. Ўшанда нафақат WhatsApp, балки Meta'нинг Instagram, Messenger, Oculus ва Facebook платформалари оммавий ишламай қолган, тузатиш ишлари эса деярли олти соат давом этган эди.

Норасмий маълумотларга кўра, Тошкент вақти билан соат 14:00 га яқин WhatsApp "ишга қайтгани" айтилмоқда.

ЎҚИНГ: Хабарлар силуети, топиклар ва бошқалар. Навбатдаги Telegram янгиланишида бизни нималар кутмоқда?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!