WhatsApp ўз юзерларини давлатдан ҳимоя қилмас экан

  •   DiMaX
  •  1192
  •  12.07.2017 14:46

WhatsApp ўз юзерларини давлатдан ҳимоя қилмас экан

Electronic Frontier Foundation ташкилоти 26 та интернет-компания фаолиятини ўрганиб чиқиб, улар давлатлар билан қандай ҳамкорлик қилишлари ва қандай маълумотларни тақдим этишларига ойдинлик киритди. Бунда WhatsApp хавфсизлик борасида энг паст кўрсаткични намоён этди, деб ёзади РБК.

Интернетдаги ҳимоячи

Electronic Frontier Foundation (қисқача – EFF, «Электрон чегаралар жамғармаси») нотижорат ташкилоти – фуқароларнинг «электрон» ҳуқуқлари ҳимоячисидир. У ҳар йили йирик интернет-компаниялар фаолиятини баҳолаб, тегишли рейтингларни эълон қилиб боради.

Ташкилотнинг сўнгги рейтинги 26 та компаниянинг 2016 йилги фаолиятида ўз мижозларининг маълумотларини тегишли давлатлардан қанчалик ҳимоялаганини акс эттиради.

Ташкилотнинг тадқиқотлари натижаларига кўра, Adobe, Dropbox, Lyft, Wordpress ва Uber компаниялари ўз фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини ноқонуний аралашувлардан ҳимоялаш бўйича барча ҳуқуқларга амал қилар эканлар.

WhatsApp эса ҳимояламайди!

Бу йилги рейтингда WhatsApp мессенжери бешта юлдузчадан фақат иккитасини олиб, энг паст кўрсаткични намоён этди. Мазкур компания давлат билан ҳамкорлигидан ўз фойдаланувчиларини огоҳ этмас ва юзерларнинг маълумотлари ҳимоясини кафолатламас экан.

Шунингдек, Airbnb, Twitter ҳамда Tumblr компаниялари мазкур рейтингда бештадан учта юлдузчани қўлга киритганлигидан маълумки, улар ҳам ўз фойдаланувчиларининг маълумотларини четдан бўладиган аралашувлардан муҳофаза эта олмас эканлар.

Қандай баҳолашган ўзи?

Мазкур рейтингни тузишда мутахассислар бир неча мезонларга таянишган: компаниянинг давлат билан қилаётган ҳамкорлиги қай даражада шаффоф эканлиги; шахсий маълумотларнинг учинчи шахсларга берилишига тақиқ қўйилганлиги; АҚШ махсус хизматларидан тушадиган махфий сўровларнинг легаллиги текширилиши ва бошқа кўрсаткичлар.

Рейтингда интернет-компаниялар шу мезонлар бўйича максимал 5 балл (бешта юлдузча) олишлари мумкин бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров ўзининг каналида асосий рақобатчи мессенжер – WhatsApp’ни, шунингдек Facebook ва бошқа айрим сайтларни ўз фойдаланувчиларининг маълумотларини сотаётганликда айблаган эди.