WhatsApp’да йирик апдейт: янги имкониятлар билан танишинг! (+видео)

  •   DiMaX
  •  675
  •  02.07.2020 14:49

WhatsApp’да йирик апдейт: янги имкониятлар билан танишинг! (+видео)

Дунёдаги энг оммалашган мессенжер WhatsApp жамоаси унда катта янгиланишни амалга оширди. Бу ҳақдаги расмий хабарга кўра, кейинги ҳафталар мобайнида ушбу иловаларнинг барқарор версияларида бир қатор янги функциялар бўлади.

ЎҚИНГ: Telegram’нинг оммабоп функциясини WhatsApp ўғирлаб, кейин яна яшириб қўйди!

Аввало, рақобатчи мессенжер – Telegram фойдаланувчиларига аллақачон тақдим этилган анимацияли стикерлар, ниҳоят, WhatsApp’да ҳам ишга тушади. Ҳозирча эса бу имконият Android ҳамда iOS учун чиқарилган клиентларининг бета-версияларидагина мавжуд.

Иккинчидан, янги контактларни соддалаштирилган усулда – QR-код орқали қўшиш имкони тақдим этилади. Бу билан фойдланувчилар телефон рақамларини қўлда териб киритиш заруратидан халос этади.

ЎҚИНГ: Zoom ҳам, Skype ҳам керак эмас: WhatsApp’да энди 50 кишилик видеоконференция қила оласиз!

Учинчидан, мессенжерда гуруҳли видеоқўнғироқлар яхшиланган. Гуруҳли видеочат иштирокчилари сони саккиз нафарга етгач, улардан бирининг видеосини тўлиқ экранга чиқариш мумкин бўлади. Бунинг учун керакли суҳбатдошнинг видеоси устига озгина вақт босиб туриш кифоя қилади. Бундан ташқари, саккиз нафаргача киши иштирокидаги гуруҳли чатларга видеоқўнғироқ белгичаси қўшиляпти – биттагина белгини босиш билан матнли ёки овозли чатдан видеочатга ўтиш мумкин бўлади.

Тўртинчидан, ҳозирда оммалашган тўқранг интерфейс – тунги режим энди WhatsApp Web ҳамда компьютерлар учун ишланган WhatsApp дастурига ҳам жорий этиляпти. Ва ниҳоят, KaiOS тизимли телефонлар эгалари ҳам статуслар функциясидан фойдаланишлари, 24 соатдан сўнг ғойиб бўлувчи янгиланишларни улашишлари мумкин бўлади.

Демак, WhatsApp иловасида янгиланишларни текшириб туринг.

Таъкидлаш ўринлики, Telegram асосчиси Павел Дуров WhatsApp ҳеч қачон хавфсиз бўла олмаслигини айтган ва сабабини тушунтирган. Бундан ташқари, у яна бир йирик сервис ҳақида жиддий баёнот билан чиқиш қилган...

ЎҚИНГ: Ушбу 17 та иловани смартфонингиздан ҳозироқ ўчиришингиз керак!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.