WhatsApp’га яшириниб олган «Агент Смит» вируси 25 миллионта Android-смартфонни зарарлаган!

  •   DiMaX
  •  291
  •  11.07.2019 15:47

WhatsApp’га яшириниб олган «Агент Смит» вируси 25 миллионта Android-смартфонни зарарлаган!

Исроилнинг киберхавфсизликка ихтисослашган Check Point компанияси «Агент Смит» номли янги вирусдан огоҳлантирди. Мазкур зиёнкор дастур Alibaba компаниясига қарашли 9apps.com иловалар дўкони орқали тарқатилган.

ЎҚИНГ: Эҳтиёт бўлинг: WhatsApp’да янгича фирибгарлик тарқалмоқда!

Хабарга кўра, «Агент Смит» вируси аллақачон Android тизими ҳимоясидаги заифликлардан фойдаланиб келаётир. Шу боисдан экспертлар фойдаланувчиларга ўз қурилмаларини сўнгги версияларгача янгилаб қўйишни тавсия этишмоқда.

Forbes нашрининг таъкидлашича, бу вирус аллақачон Ҳиндистондаги миллиондан ошиқ, АҚШ ва Буюк Британияда эса юз минглаб смартфон ва планшетларга тушган. Жами 25 миллиондан ошиқ фойдаланувчи «Агент Смит»дан жабрланиб улгурган.

Мазкур вируснинг ишлаш принципи қурилмадаги оммабоп иловалардан бирининг белгичасини нусхалашга асосланган. У асосан жонга тегувчи рекламаларни кўрсатиши билан маълум, аммо Check Point мутахассисларига кўра, бундай дастурлар гаджетларга бошқа кўплаб усуллар билан зарар етказа олади.

ЎҚИНГ: Смартфонлар экрани ўртасида чиқиб қоладиган бегона рекламаларни ўчириш усули

«Агент Смит» одатда қуйидагича юқади: фойдаланувчи бирор дастурни юклаб олганида, ўғринча тарзда у билан бирга вирус коди ҳам келади. Кейин смартфонга оддий Google янгиланишлари кўринишида ниқобланиб олган зиёнкор дастур сездирмасдан ўзини-ўзи ўрнатади. Сўнг эса вирус WhatsApp ёки Opera иловасининг белгичасини ўзига алмаштириб қўяди.

Айни пайтда бу вирусни тарқатаётганлар фақат чет иловалар дўконларидан фойдаланишмоқда. Бироқ Check Point экспертлари Google Play каталогида ҳам шунга ўхшаш 11 та иловани аниқлашган.

Бу каби вируслардан қутулиш учун, мутахассисларнинг тавсиясига кўра, иловаларнинг созламаларини кўздан кечириб чиқиш керак. Агарда у ерларда Google Updater, Google Installer for U, Google Powers ёки Google Installer каби номлар учраса, бу дастурни ўчириб ташлаш керак. Бундай зиёнкор дастурлардан ҳимояланиш учун эса иловаларни фақат Google Play каталогидан ўрнатиш лозим.

ЎҚИНГ: Торрент ишлатасизми? Жиддий ҳужумга тайёр туринг!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.