Wi-Fi’га пароль ўрнатишни биласизми?

  •   DiMaX
  •  8239
  •  25.01.2017 16:24

Wi-Fi’га пароль ўрнатишни биласизми?

Бугунги кунда интернетни Wi-Fi роутер орқали тарқатиш ва бутун оила аъзолари шу тўлқин орқали глобал тармоққа киришлари одатий ҳол бўлиб қолди. Бироқ бегоналар бу тўлқиндан фойдаланмасликлари учун роутер параметрларига кириб, пароль ўрнатишга тўғри келади. Гарчи уйингизга интернет ўтказиб берган провайдер компанияси ходимлари ёки Wi-Fi роутерни созлаб берган уста ўзи пароль ўрнатиб берган бўлса-да, кейинчалик уни алмаштиришга тўғри келиши мумкин.

Қуйида шуни қандай амалга оширишни қадам-бақадам тушунтирамиз.

  1. Браузерни очинг

Браузерда янги ойна очиб, манзил қаторига қуйидаги URLни киритинг:

http://192.168.0.1/ ёки http://192.168.1.1/

Мазкур параметрлар роутернинг ишлаб чиқарувчисига боғлиқ ҳолда сал фарқланиши мумкин. Аммо одатда бу манзил роутернинг ўзида (орқа ёки ост қисмида) кўрсатилган бўлади.

Шу манзилни киритиб, Enter’ни боссангиз, саҳифада роутернинг интерфейси очилади, унда логин ва паролни киритиш майдончалари мавжуд. Эслатиб ўтамиз, булар ҳали сизнинг Wi-Fi тармоғингизга уланиш пароли эмас, балки роутерга кириш паролидир.

  1. Эски паролни текширинг

Агарда роутерга кириш пароли ўзингиз томонингиздан, ёки олдин роутерни созлаб берган киши томонидан ўзгартирилмаган бўлса, ишлаб чиқарувчи томонидан у қуйидагича қўйилган бўлади:

  • Логин: admin
  • Пароль: admin

Айрим моделларда паролни киритишга умуман ҳожат бўлмаслиги мумкин, ёки қурилманинг пароли admin эмас, балки password бўлиши мумкин. Агарда роутер созламаларига кириш паролини топа олмасангиз, унинг дастлабки созламаларини тиклашингиз мумкин. Бунинг учун қурилманинг ўзидаги Reset тугмачасини босиш (айримларида 5-10 сонияча босиб туриш) кифоя.

Эслатма: Роутернинг дастлабки паролини албатта янгисига алмаштириб қўйинг. Бу билан сиз Wi-Fi роутерингизга бегоналар уланишларининг олдини оласиз. 

  1. Ишлаб чиқарувчисига кўра созлаймиз

Турли ишлаб чиқарувчилар роутерлари интерфейсда сал фарқ қилса-да, уларнинг ишлаш тарзи ва бизга керакли созламаларнинг жойлашган ўрни амалда бир хил. Шунинг учун энг кенг тарқалган моделларда пароль ўрнатиш йўлларини қуйида келтирамиз.

Эслатма: Роутер моделидан қатъи назар, созламаларида ҳамиша хавфсизлик сертификатини WPA2-PSK (ёки WPA/WPA2-mixed) қилиб, шифрлаш турини эса WPA2 қилиб белгиланг.

D-Link роутерлари:

Агарда интерфейс инглизча бўлса: Wi-Fi симсиз тармоғи созламаларига кириш учун «Setup» -> «Wireless Settings» бўлимига кириш лозим. Саҳифанинг энг пастида «Pre-Shared Key» қаторини топасиз ва, албатта, у ерга ўз паролингизни киритасиз.

Агарда интерфейс русча бўлса: «Расширенные настройки» бўлимига ўтасиз, ундаги «Расширенные настройки» бўлимига кирасиз. «Wi-Fi» бўлимидаги «Настройки безопасности» бўлинмасини очасиз. Саҳифанинг остки қисмида «Ключ шифрования PSK» қаторига паролингизни ёзасиз.

Янги паролни ўрнатгач, «Изменить» тугмачасини босасиз, кейин чап варақадаги «Система» бўлимини очиб, «Сохранить ва Перезагрузить» тугмаларини босасиз.

Эслатма: Қурилманинг янги прошивкаларида созламаларга кириш йўли сал ўзгариши мумкин, бироқ асосий тамойили ўзгаришсиз қолади.

ASUS роутерлари:

Агарда интерфейс инглизча бўлса: «Settings» -> «Wireless» -> бўлимига кириб, «General» варақасига кирасиз. Ўша жойда «Pre-Shared Key» қаторини топиб, янги паролни киритасиз ва «Apply» тугмачасини босасиз.

Агарда интерфейс русча бўлса: «Дополнительные настройки» бўлимидаги «Общие» варақасини очиб, «Беспроводная сеть»ни танлайсиз. Сўнг «Предварительный ключ WPA» қаторини топасиз, ўз паролингизни киритасиз ва «Применить» тугмачасини босасиз.

Zyxel роутерлари:

«Сеть Wi-Fi» бўлимини, ундаги «Безопасность» варақасини очасиз. «Сетевой ключ» қаторига янги паролни киритиб, «Применить» тугмачасини босасиз.

«Ростелеком» (Sagemcom) роутерлари:

Созламалардаги «WLAN» -> «Безопасность» бўлимига кириб, «WPA/WAPI пароль» майдончасига паролни ёзасиз. «Применить/Сохранить»ни босасиз – олам гулистон.

Эслатма: Роутердаги Wi-Fi паролини алмаштирганингиздан кейин, мазкур тармоқдан фойдаланаётган барча Wi-Fi қурилмаларингизда янги паролни киритиб, кейин фойдаланасиз.

  1. Паролни тўғри танланг

Ўз Wi-Fi тармоғингизни ҳимоялашда одатий: 12345678, 87654321, qwertyui, qwer1234, qwaszxasqw, abcd1234 сингари пароллар қўйишдан сақланинг. Энг яхши йўли – онлайн пароль генераторлари хизматидан фойдаланинг. Улар сизнинг Wi-Fi тармоғингиз учун ишончли, оригинал пароль танлаб беради.

Шунингдек, пароль танлашнинг бошқа оддий ва тажрибадан ўтган усулларидан ҳам фойдаланиш мумкин: бирор яқинингизнинг исмини киритиш, фақат оила аъзоларингизгина биладиган бошқа бирор номни пароль сифатида қўллаш. Шунингдек, ўз туғилган кунингиз ва телефон рақамларингизни ўзаро бириктириб ёзиб ҳам оригинал пароль яратсангиз бўлади.

Мураккаброқ пароль тузиш учун эса унда ҳарфлар билан бирга рақамларни аралаштириб қўллашингиз, масалан, о ҳарфи ўрнига 0 рақамидан, z ўрнига 2 дан фойдаланишингиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!