Wi-Fi муқобили Li-Fi’нинг 100 карра тезроқ ишлаши маълум бўлди

Wi-Fi муқобили Li-Fi’нинг 100 карра тезроқ ишлаши маълум бўлди

Wi-Fi — симсиз маълумот алмашиш технологиясининг маълумотларни ундан 100 маротаба тезроқ узата олиш имкониятига эга муқобили бўлган Li-Fi (light fidelity – ёруғлик содиқлиги) технологияси илк маротаба синовдан ўтказилди.

Маълумотларни симсиз алмашишнинг ушбу инновацион технологияси Эстониянинг Velmenni стартап лойиҳаси томонидан молиялаштирилган ва ривожлантирилмоқда. Li-Fi илмий ғояси Эдинбург университети профессори Ҳаралд Ҳаас томонидан илгари сурилган ва кашф қилинган.

Лойиҳа доирасида янги технология LED лампаларининг кейинги авлоди ҳисобланган Velmenni Jugnu ақлли чироқларида синаб кўрилмоқда. Яъни, Li-Fi симсиз алоқа технологиясида маълумот етказувчи восита сифатида анъанавий радиочастоталардан эмас, ақлли чироқ ёруғлигидан фойдаланилади. Ақлли чироқ махсус илова ёрдамида қурилмалар билан алоқа ўрнатади.

Лойиҳа томонидан тарқатилган маълумотларда айтилишича, синов вақтида Li-Fi чироқлари секундига 1 Гбит маълумотни етказиш қувватига эга бўлган. Яъни, бу HD форматидаги фильмни бир неча сонияларда юклаб олиш имконини беради.

Тажриба жараёнида ёруғликни ўзаро ёндош  оқимларга ажратувчи чироқлардан фойдаланилганда тезлик секундига 3 Гбит.гача етказилгани айтилмоқда.

Velmenni томонидан бунгача бир қанча лойиҳа ва дастурлар, хусусан “Ёруғлик нури алоқаси” технологияси ривожлантирилган. Унинг ёрдамида икки қурилма экранларидан таралаётган нурлари ёрдамида маълумот алмашиш қобилиятига эга бўлади.

Айни кунда Li-Fi ишхоналарда синовдан ўтказилиниб, ишлаб чиқариш лабораториясида такомиллаштирилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!