Wi-Fi орқали энергияни узатиш технологияси ишлаб чиқилди

Wi-Fi орқали энергияни узатиш технологияси ишлаб чиқилди

Ахборотни симсиз узатиш жамият ҳаётида кичик инқилоб бўлди, деб айтиш мумкин. Умумжаҳон тармоғига уланиб, барча нарса ҳақида маълумот олишимиз имкони қўлимизда. Ҳал қилиниши керак бўлган галдаги масала энергияни симсиз узатиш эди. Вашингтон университети инженерлари бунинг иложи бор, дейишмоқда.

Вай-фай орқали энергияни узатиш лойиҳаси муаллифлари бир вақтнинг ўзида Wi-Fi роутер ва қувватлантирувчи манба сифатида ишловчи тизим яратишган. У синовдан муваффақиятли ўтди. Янги технологияни келгуси ойда Германиядаги CoNEXT 2015 конференциясида намойиш этишади.

Ҳозирча, смартфон ва ноутбукларни зарядловчи қурилма устида гап кетаётгани йўқ. PoWiFi деб номланган янги қурилма жуда кам энергия истеъмол қилувчи қурилмаларни қувватлантира олади. Бундай қурилмаларга, нафақат,  мавҳум “сенсор”, балки фитнес-билагузук ва трекер, веб-камераларни киритиш мумкин.

Бунинг учун оддий Wi-Fi роутер техник жиҳатдан такомиллаштирилди ва ахборот билан бирга бўш каналларининг биридан энергия юборадиган бўлди. Тажриба давомида кичик видеокамера 5 мдан ошиқроқ масофадан қувватлантирилди. Jawbone Up24 фитнес-трекери янги технология бўйича қувватлантирилганда 2,5 соатда 41 фоиз энергия олди.

Гарчи бу янгилик бир қарашда арзимасдек туюлса-да, келажакда смартфон, ноутбук каби қурилмаларни симсиз қувватлашга , бора-бора катта ҳажмли энергияни симсиз узатиш технологиялари яратилишига пойдевор бўлиши мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!