Wi-Fi vs 4G: смартфон қувватини қай бири тезроқ тугатади? (+«жонли» видео)

  •   DiMaX
  •  3154
  •  20.12.2019 17:08

Wi-Fi vs 4G: смартфон қувватини қай бири тезроқ тугатади? (+«жонли» видео)

Одатда смартфонларнинг қўлланмаларида уларнинг турли режимларда – 3G, 4G (LTE) тармоқларида ва Wi-Fi тармоғида ишлаш вақти кўрсатилади. Уларнинг аксариятида қурилманинг автономлиги Wi-Fi ҳамда 4G тармоқларида бир хил, деб ёзишади.

ЎҚИНГ: Wi-Fi паролини Android-смартфон орқали аниқласа бўлади!

Mobile Research Group таҳлилчилари қурилмаларнинг бу икки тармоқдан қай бирида кўпроқ қувват сарфлашини тажрибада аниқлашди. Бунинг учун бир хил русумдаги иккита смартфоннининг биттасини Wi-Fi тармоғи, иккинчисини эса LTE орқали интернетга улаб, иккита тажриба ўтказиб кўришди.

Биринчи тажрибада бу қурилмаларнинг ҳар иккаласида YouTube’да бир соатлик фильм кўришди. Натижада бир соатдан сўнг Wi-Fi ишлатаётган смартфоннинг қуввати 75%, 4G ишлатаётганиники эса 72% миқдорида қолгани аниқланди:

Кўриб турибмизки, Wi-Fi ҳамда LTE тармоқларида аккумулятор сарфи айтарли фарқ қилмайди, лекин 4G барибир «очофатроқ» экан.

ЎҚИНГ: Wi-Fi сигналини яхшилашнинг 5 та илмий усули

Бироқ бу – смартфонлар битта жойда турган ҳолидаги натижалардир. Иккинчи тажрибада эса тадқиқотчилар шу икки смартфонни олиб, тегишли тармоқларни ёқоқ қолдирган ҳолда шаҳар кезиб кўришди. Бунда энди 4G тармоғига уланган гаджет Wi-Fi очиқ турган шеригидан кўра 17 фоизга кўп қувват сарфлаган!

Мана, ҳар иккала тажрибани қуйидаги видеода томоша қиламиз:

Смартфон ҳаракатда бўлганида аккумулятор қуввати кўпроқ сарфланишини эса қуйидагича изоҳлаш мумкин: бунда қурилма уяли алоқа операторининг битта база станцияси доирасидан чиқиб бошқасига, кейин яна навбатдагисига уланиб боради. Бу эса ҳар гал қувватнинг кўпроқ харжланишига олиб келади.

Демак, юқоридаги тажрибалардан қуйидаги хулосалар келиб чиқади: аввало, 4G тармоғига уланган смартфон қуввати Wi-Fi тармоғига уланганидан кўра тезроқ тугайди. Қолаверса, қандай тармоққа уланган бўлишидан қатъи назар, телефон бирор масофага ҳаракатланганида, база станциялари аро алмашишлар сабабли, аккумуляторининг заряди кўпроқ сарфланади.

ЎҚИНГ: Wi-Fi тармоғига QR-код орқали уланиш

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!