Windows 10’даги 9та муҳим созлама

  •   DiMaX
  •  2001
  •  19.04.2017 11:38

Windows 10’даги 9та муҳим созлама

Windows 10’да жуда кўп фойдали нарсалар бор, айниқса, Creators Update янгиланишидан кейин. Қуйидаги тавсияларимиз эса мазкур операцион тизимнинг ушбу потенциалидан фойдаланишда жуда қўл келади.

1. Интерфейснинг тўқ ранги

Тўқ рангли мавзуга ўтиш – Windows’даги энг кутилаётган функциялардан бири эди. Чунки ёруғлик кам бўлган муҳитда (масалан, тунда) тўқ ранглар кўзни кўп чарчатмайди. Олдин интерфейснинг қора фонини фақат реестрни ўзгартириш орқалигина ўрнатиш мумкин эди. Аммо ишлаб чиқувчилар фойдаланувчиларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, Windows 10 Anniversary Update янгиланишида бунинг расмий усулини қўшиб қўйишди.

Бунинг учун қуйидаги манзилга кирасиз: «Параметры» → «Персонализация» → «Цвета». Шу ерда пастроқда сукут бўйича дастурларнинг режимини танлаш учун «Выберите режим приложения по умолчанию» банди бор. Агар шундан тўқ рангли режимни танлаб қўйсангиз, Windows интерфейси фони қисман қора рангга ўтиб қолади. Шунингдек, Windows дўконидан олинадиган айрим чет ва стандарт иловалар интерфейсига ҳам тегишли ўзгаришлар киритилади.

Булардан ташқари, Edge браузерининг алоҳида ўзида ҳам тўқ рангли режимни ўрнатиш мумкин. Бунинг учун дастурнинг юқори ўнг бурчагидаги учта нуқтани босасиз, кейин «Параметры»ни босиб, режимни танлаш функцияси – «Выбор темы» банди остида «Тёмная»ни танлайсиз.

2. Дисплейнинг тунги режими

Қоронғи пайти компьютер олдида ўтирсангиз, кўзларингиз тезда чарчаб қолаётганини сезасиз. Бунинг сабаби – тунда, қуёш нури тушмаётган хонада дисплей ўта ёрқин бўлади.

Microsoft буни ҳам инобатга олган ва Windows 10 Creators Update янгиланишида мониторнинг махсус «Ночной свет» ранглар режимини қўшган. Уни созлаш учун қуйидаги бўлимга кирасиз: «Параметры» → «Система» → «Экран».

Ушбу режим фаоллаштирилганида, операцион тизим рангларни шундай ўзгартирадики, улар қоронғи жойда ҳам кўзни чарчатмайди.

3. Дискнинг автоматик тозаланиши

Windows’ни ишлатиш жараёнида, унда қолдиқ файллар ва бошқа ортиқча нарсалар тўпланиб қолади; булар эса қаттиқ дискни тўлдириб ташлайди ва операцион тизим ишини ҳам секинлаштиради. Бу муаммони ҳал этувчи кўплаб чет утилиталар бор. Аммо буни стандарт тарзда ҳал этиш йўли яқинларгача йўқ эди.

Windows 10 Creators Update янгиланишидан кейин тизимда қурилманинг хотирасини тозаловчи жиҳоз ҳам пайдо бўлиб қолади. Уни мана бу бўлимда фаоллаштириш ва созлаш мумкин: «Параметры» → «Система» → «Хранилище» → «Контроль памяти».

4. Сукут бўйича ишлайдиган дастурлар

Windows 10 тизимида бир қанча стандарт дастурлар тўпламлари мавжуд, улар ёрдамида мусиқа, видео, веб-саҳифалар ва бошқа файллар билан ишлаш мумкин. Ҳар бир файл тури учун тизим сукут бўйича мана шу аввалдан ўрнатилган дастурлардан бирини қўллайди (ёки бу файл турини қўллаб-қувватламаслигини айтиб огоҳлантиради). Худди шунинг учун, масалан, сиз интернетдан юклаб олинган мусиқа файли устига босганингизда, Windows дарров уни Groove плеерида ижро эта бошлайди.

Лекин энди, агарда сиз стандарт плеер, браузер ва бошқа дастурларни чет дастурлар билан алмаштирмоқчи бўлсангиз, буни созламаларнинг махсус бўлимида амалга ошириш қулайлашди. Бунинг учун мана бу бўлимга кирасиз: «Параметры» → «Приложения» → «Приложения по умолчанию». Шу ерда ўзингиз ўрнатган дастурлардан қайсиларини Windows турли вазифалар учун сукут бўйича қўллашини белгилаб қўйишингиз мумкин.

5. Windows аккаунти пароли

Windows аккаунтига ўрнатилган пароль фойдаланувчининг шахсий маълумотларини ва созламаларини ҳимоя қилади. Агарда компьютерингиз бошқалар ҳам тегина оладиган жойда бўлса, бу функция жуда зарур.

Қисқаси, Windows 10’га пароль қўйиш, уни олиб ташлаш каби ишлар мана бу манзилдаги бўлимда амалга оширилади: «Параметры» → «Учётные записи» → «Параметры входа».

6. «Проводник»нинг бошланғич ойнаси

Операцион тизимнинг янги версиясида «Проводник» ишга туширилганида, сукут бўйича тез-тез кириб туриладиган папкалар ва охирги очилган папкаларга тезкор кириш ойнаси очилади. Балки бу вариант сизга унча маъқул келмас. Ахир, тизимнинг аввалги версияларида «Проводник» тугмачасини босганингизда, «Этот компьютер» (ёки «Мой компьютер») очилар эди-да.

Агарда Windows 10’да «Проводник»да худди аввалги версиялардагидек, бирйўла локал дискларни кўришни истасангиз, буни созлаш мумкин. Бунинг учун «Проводник» менюсини очиб, «Вид» → «Параметры»га борасиз ва «Открыть проводник для» бандида «Этот компьютер»ни танлайсиз.

7. Яширилган элементлар ва файл кенгайтмалари

Анчадан бери Windows файллар ва жилд (папка)ларни кўринмайдиган – яширин ҳолга келтириш имкони мавжуд. Шу тариқа муҳим маълумотларни бегона кўзлардан сақлаш осонроқ. Бирор объектни кўринадиган ёки яширин қилишни контекст меню орқали амалга оширса бўлади.

Бундан ташқари, қулайлик учун ҳар бир файл номининг сўнгида унинг қайси турга мансублигини англатувчи кенгайтмасини ҳам тизим акс эттириши мумкин: .exe, .png, .docx ва ҳоказо.

Сукут бўйича Windows 10 файллар кенгайтмаларини ҳам, ишлаб чиқувчилар ёки фойдаланувчи томонидан яширилган элементларни ҳам кўрсатмайди. Аммо сизга уларни акс эттириш керак бўлиб қолиши эҳтимоли бор. Масалан, яширилган жилдга кириш ёки фотосуратнинг форматини кўриш учун.

Яширилган объектларни ёки файллар кенгайтмаларини акс эттириш учун «Проводник»ни очинг, «Вид» тугмачасини босинг ва керакли бандларни белгилаб қўйинг: «Скрытые элементы» ёки «Расширения имён файлов».

8. Билдиришномалар ва тезкор амаллар

Худди мобиль операцион тизим каби, Windows 10 ҳам экранга билдиришномалар чиқариб туради. Агар улар сизни ишдан чалғитадиган бўлса, ўчириб қўйишнинг ҳам иложи бор. Буни созлаш учун қуйидаги манзилга кирасиз: «Параметры» → «Система» → «Уведомления и действия». Шу ердан қараб, қайси турдаги билдиришномалар экранга чиқишини созлаш, шунингдек, ҳар бир дастур учун экранга билдиришномалар юборишнинг алоҳида параметрларини белгилаб қўйиш мумкин.

Бундан ташқари, айни шу бўлимда тезкор амаллар учун тугмачалар танлашингиз имкони мавжуд ва улар билдиришномалар панелида акс этиб туради. Улар ёрдамида, масалан, битта чертишда дисплейнинг тунги режимини фаоллаштиришингиз, унинг ёрқинлигини созлашингиз ёки OneNote’да қайдлар киритишингиз мумкин бўлади.

9. Тизимни қайта тиклаш хизмати

Тизимдаги ёки чет дастурий таъминотлардаги хатоликлар, шунингдек, фойдаланувчининг нотўғри ҳаракатлари сабабли Windows фаолиятида нуқсонлар юзага келиши мумкин.

Яхшиямки, операцион тизимни меъёрий ҳолатига қайтарувчи механизм – тизимни қайта тиклаш хизмати (Служба восстановления) бор. У ҳар гал сиз Windows’ни ёки драйверларни янгилаганингизда, ёки янги дастурни ўрнатганингизда тизимнинг муҳим қисмларини нусхалаб, қаттиқ дискда сақлаб қўяди. Кўп ҳолларда сиз тизимнинг меъёрий ҳолатини тиклаш учун худди шундай захира нусхалари – қайта тиклаш нуқталари (точа восстановления)дан фойдаланишингиз етарли.

Мазкур хизмат созламаларига кириш учун, Windows қидирув тизимига «Восстановление» сўзини киритинг, натижаларига ўтинг ва очилган ойнадаги тизимни қайта тиклаш созламалари – «Настройка восстановления системы»га киринг.

Тизимнинг ҳимоясини кўрсатувчи «Защита системы» варақасига кириб, ўзингизнинг тизим дискингизни (одатда бу С диски бўлади) белгиланг. Сўнг «Настроить» тугмачасини босинг ва тизимнинг ҳимоясини ёқиб қўйинг. Шундан кейин, захира нусхаларини сақлаш учун дискда қанча жой ажратиш кераклигини кўрсатинг ва ОК тугмачасини босинг. Қанча катта жой ажратсангиз, қўл остингизда шунча кўп қайта тиклаш нуқталари бўлади. Жой етмай қолганида, қайта тиклаш нуқталаридан эскилари ўчирилиб, янгилари унинг ўрнига ёзилиб боради.

Энди, агар зарурати туғилиб қолса, «Защита системы» варақасига кириб, Windows’нинг олдинги ҳолатини тиклашингиз мумкин. Бунинг учун шу ердаги «Восстановить» тугмачасидан фойдаланасиз.

Бироқ ёдда тутинг: захира нусхалар Windows’нинг тўлиқ ҳолатини эмас, балки фақат муҳим файлларини ўз ичига олади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!