Windows 10 компьютердан SMS юборишни ўрганди

  •   DiMaX
  •  418
  •  08.09.2018 10:06

Windows 10 компьютердан SMS юборишни ўрганди

Microsoft компанияси Windows 10 операцион тизими учун ишланган Your Phone иловасини янгилади. Унга SMS-хабарларни қабул қилиш ва жўнатиш имконияти ҳам қўшилган.

ЎҚИНГ: Share Files – ўзаро файл алмашишнинг энг қулай ва тезкор йўли

Your Phone иловаси илгари фақат смартфонда олинган фотосуратларни компьютердагиси билан синхронлаштирар, шунингдек мобил қурилма хотирасидаги расмларни компьютердаги дастурга тезкорлик билан импорт қилар эди.

Энди эса бу дастурга SMS-хабарларни ҳам синхронлаштириш функцияси татбиқ этилди. Смартфонни блокдан чиқармай туриб, ундаги хабарларни Your Phone орқали компьютерда очиб ўқиш ва компьютернинг ўзиданоқ жавоб ёзиб жўнатиш мумкин. Табиийки, бунда SMS хизматлари смартфондаги SIM-картада ўрнатилган тариф режасига мувофиқ нархланади.

Таъкидлаш керакки, мазкур янги функция ҳозирча Skip Ahead янгиланишлар тизими доирасида йўлга қўйилган Windows 10 синов жамланмаси фойдаланувчилари учунгина тақдим этилган. Унинг барча фойдаланувчилар учун қачон йўлга қўйилиши номаълум. Шунингдек, Your Phone иловаси фақатгина Android тизимли мобил қурилмалар билан синхронлаштира олади.

ЎҚИНГ: Android’да SMS ўчиб кетса уни қандай тиклаймиз?