Windows 10’нинг йирик янгиланмаси намойиш этилди

  •   DiMaX
  •  1161
  •  12.05.2017 17:34

Windows 10’нинг йирик янгиланмаси намойиш этилди

Microsoft компанияси ўзининг операцион тизими учун навбатдаги йирик янгиланма – Fall Creators Update’ни намойиш этди. У жорий йилнинг сентябрь ойида тўлиқ истеъмолга чиқади ва iOS ҳамда Android тизимли қурилмалар фойдаланувчиларига ҳам енгилликлар тақдим этади.

Мазкур намойиш Microsoft Build 2017 – ишлаб чиқувчилар конференцияси доирасида бўлиб ўтди. Компаниянинг Windows ишланмалари ва қурилмалар бўйича вице-президенти Терри Майерсон ушбу янгиланманинг тўртта асосий хусусиятини таъкидлади:

  1. Timeline – ишлатиладиган иловалар рўйхати.
  2. Дастурда ишлашни битта қурилмада бошлаб, бошқасида давом эттириш имконияти.
  3. «Булутли» алмашув буфери.
  4. OneDrive’дан файлларни сўров бўйича олиш.

Timeline – янги функция бўлиб, у ишлаётган дастурларни кўриш ҳудудини такомиллаштиради. Энди унда олдин бошқа қурилмада ишлатилган дастурлар ҳам акс этадиган бўлади. Ушбу янгилик гўёки вақт машинасига ўхшайди – аввал ишлатилган топшириқларга қайтиш имконини беради.

Timeline функцияси яна бир янги имконият – Pick Up Where You Left Off («Тўхтаган жойингиздан давом эттиринг») билан чамбарчас боғлиқ. У туфайли, бирор қурилмангизда тегишли дастур орқали бошлаган ишингизни бошқа қурилмангизда, келган жойидан давом эттириб кетишингиз мумкин бўлади. Бу эса, хусусан, iOS ва Android тизимли смартфон ёки планшетлардан кўп фойдаланувчилар учун қўл келади.

Шунингдек, Microsoft «булутли» алмашув буферини ҳам тақдим этди. У компьютерда бирор файлни танлаш ва уни телефонга кўчириш имконини беради. Мазкур функция ҳам юқорида тилга олинган мобил операцион тизимдаги қурилмалар билан ишлай олади.

Кузда чиқадиган ушбу янгиланиш билан компания OneDrive «булутли» сақлагичидаги файлларга киришни ҳам осонлаштиради. Энди тизим ундаги бутун папкани синхронлаб ўтирмасдан, фақатгина фойдаланувчига керакли файлни юклай оладиган бўлади. Бу эса вақтни ва дискдаги жойни тежаш имконини беради.

Булардан ташқари, Microsoft Windows 10’ни эркин дизайн (Fluent Design) билан жиҳозлайди; у аввал Project Neon ишчи номи билан маълум эди. Компания аллақачон ўз иловаларини ушбу дизайнга ўтказа бошлаган. Шу тариқа, у одатий Metro интерфейсидан тобора кўпроқ фарқлана боради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!