Windows 10 ўрнатгандан сўнг қилиш шарт бўлган 7 иш

  •   DiMaX
  •  4533
  •  09.11.2019 13:45

Windows 10 ўрнатгандан сўнг қилиш шарт бўлган 7 иш

Ўз компьютерингиз ёки ноутбукингизга илк бор Windows 10 ўрнатдингиз ёки ўрнатилган янгисини харид қилдингиз, дейлик. Операцион тизим тайёр, лекин унда айрим созлашларни амалга ошириш, керакли дастурларни ўрнатиш ҳам лозим.

ЎҚИНГ: Microsoft кишиларни янги Windows’га ўтишга мажбурлашнинг антиқа йўлини топди

  1. Тизимни янгилаб олинг

Агарда ноутбук ёки компьютерингиз ҳали кечагина ишлаб чиқарилмаган бўлса, унга заводда ўрнатилган Windows 10 аллақачон эскириб бўлганлиги эҳтимоли юқори. Шу боисдан тизимни янгилаб олишингиз керак – бу амал қурилмангизнинг ишлаш тезлигини ошириб, ҳимоясидаги «тирқиш»ларни ёпади.

Бунинг учун Wi-Fi орқали барқарор ва тезкор интернетга уланиб, «Пуск» тугмачаси менюсидаги «Параметры»ни очасиз. «Обновления и безопасность» варақасига ўтиб, «Доступные обновления»ни босасиз ва уёғи қийин эмас.

  1. Браузер ўрнатинг

Windows 10 тизимининг ўзида Microsoft Edge браузери ўрнатилган, лекин у планшет режимида ишлашга кўпроқ қулай. Ундан кўра Chrome, Firefox, Opera ёки «Яндекс.Браузер» ўрнатиб олганингиз маъқулроқ.

  1. Антивирус ўрнатиб қўйинг

Янги тизимнинг ўзида Windows Defender антивируси мавжуд ва кўпчилик фойдаланувчиларга бўлаверади. Лекин интернет билан, шунингдек бошқа хотира қурилмалари (флешка ва ҳоказо) билан ишлайдиган бўлсангиз, қўшимча ҳимоя зарар қилмайди. Бу борада ҳам танлаш имкони катта: AVG, Avast!, Avira ёки «Касперский антивируси»дан бирини танлаш мумкин.

ЎҚИНГ: Компьютер ва ноутбукни флешка ва қаттиқ дискларни хавфсиз суғуриладиган қилиб созлаймиз

  1. Кундалик иш учун керакли дастурлар

Компьютер ёки ноутбукда ишлашда сизга қўшимча дастурий таъминот маҳсулотлари ҳам зарур бўлади.

  1. A) Матнли файллар билан ишлашга Microsoft Office қулай; аслида у пулли, аммо бизда кўпчилик унинг лицензиясиз версияларидан фойдаланади. Бироқ функцияларига кўра ундан қолишмайдиган, легал тарзда бепул бўлган OpenOffice ёки LibreOffice кабилар ҳам бор.
  2. B) PDF-файллар билан ишлаш: Sumatra ёхуд SlimPDF.
  3. C) Архиватор: 7-Zip.
  4. D) Мессенжер: Skype, Telegram, ICQ.
  5. E) Видеоларни кўриш учун: VLC.

Шулардан кераклиларини ўрнатиб олсангиз, бу – компьютерингизда энг керакли дастурий таъминот жамланмаси бор, деганидир.

  1. Ортиқча дастурларнинг автоматик ишга туширилишини ўчиринг

Айнан шуниси – компьютерингиз тезкорлигини оширадиган муҳим қадамлардан биридир. Microsoft бошиданоқ ўрнатиб тарқатган иловаларнинг ҳаммасиям сизга керак эмас. Ортиқчасининг автоматик ёқилишини чеклаш учун «Диспетчер задач»ни очасиз, «Автозагрузка» варақасига ўтасиз, кераксиз дастур устига сичқончанинг чап тугмачаси билан чертиб, очилган менючадан «Отключить»ни танлайсиз.

  1. Стандарт дастурларни алмаштиринг

Windows 10 тизимли компьютерингизда бирор турдаги файллар билан ишлаш учун стандарт дастурлар белгиланган бўлади. Масалан, интернетга кириш учун Edge турибди, аммо сиз бошқа, ўзингизга қулайроқ браузерни асосий қилиб белгилашингиз керак.

Бунинг учун «Пуск» → «Параметры» → «Приложения» → «Приложения по умолчанию» қисмига ўтасиз, уёғи ўз ихтиёрингизда.

  1. Захира нусхалашни созлаш

Windows 10 талқинида захира файли – бэкапларни даврий сақлашнинг ўз тизими мавжуд. Сиз эса уни созлашингиз мумкин (ва лозим ҳам).

Созлаш учун «Пуск» орқали «Параметры»га ўтиб, «Обновление и безопасность»ни босасиз. Ўнг томонидаги «Служба архивации»ни, кейин эса «Добавить диск»ни танлайсиз. Шу янги дискда захира нусхалари сақланадиган бўлади; уларнинг яратилиш даврийлигини ҳам ўзингиз танлай оласиз.

Шулар орқали янги компьютер ёки ноутбукни ўзингизга мослаб олсангиз, унда ишлашингиз янада қулай ва мароқли кечади.

ЎҚИНГ: Windows’ни флешканинг ўзига ўрнатиб олиб, исталган компьютерда ишга туширамиз!

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!