Windows 10: сизни кузатишларига йўл қўйманг!

  •   DiMaX
  •  781
  •  23.03.2017 12:57

Windows 10: сизни кузатишларига йўл қўйманг!

Бизнинг қизиқишларимизга қизиқиш борасида Microsoft ҳам бошқа йирик компаниялардан қолишмайди: унинг «жосус» сервислари тизимнинг ўзигаёқ ўрнатилган. Айниқса, корпорацияга ўнлаб мегабайт ҳажмида турли маълумотлар узатиб турувчи Windows 10 операцион тизими…

Бу тизим компанияга айнан қанақа маълумотларимизни юбориб туришини аниқлаш умуман имконсиз: барча файллар мустаҳкам тарзда шифрланади, узатиш алгоритмлари эса мунтазам тарзда ўзгариб туради. Windows’да трекинг ва телеметрияни узиб қўйишдан ташқари, тизим тўплайдиган маълумотлар миқдорини камайтириш мумкин. Аввалроқ Google таъқибидан қандай қутулишни кўрсатган эдик, энди эса навбат Windows 10 тизимига келди.

Windows нималарни тўплайди?

Айрим турдаги маълумотларни тўплашини Microsoft очиқ-ойдин тан олади; булар – қидирув сўровлари, зарар етказувчи файллар, терилган матнлар, қўлда ёзиб киритиш ва ҳатто Cortana ёрдамчиси билан мулоқот қилишдаги овозли маълумотлар.

Компаниянинг буларни йиғишдан кўзлаган мақсади ижобий, албатта: тўпланган маълумотлар Microsoft сервисларини яхшилаш, сенсорда ёзишни ўрганиш, вируслардан ҳимоялаш, Cortana’да қидирув сўровларини оптималлаштириш ва шахсга йўналтирилган рекламани кўрсатиш учун керак бўлади. Булар – Microsoft’нинг ўзи очиқ айтган жиҳатлар, аммо корпорацияга узатиладиган маълумотларнинг тўлиқ рўйхатини ҳеч ким аниқ билмайди. Шунингдек, ўзи ҳақидаги батафсил маълумотлар компаниянинг қўлига бориб тушишини ҳамма ҳам хушлайвермайди.

Microsoft серверларига узатиладиган маълумотлар миқдори ва таркиби нафақат оддий фойдаланувчиларни, балки ҳукуматларни ҳам хавотирга солаётир. Масалан, Россияда 2016 йилнинг ёзидан давлат идораларини маҳаллий дастурий таъминотга ўтказишга қаратилган уч йиллик режа жорий этилган. Еврокомиссиядан эса Microsoft офисига мунтазам тарзда хатлар бориб туради; уларда корпорациянинг «иштаҳа»сини сал тийиш ҳамда операцион тизимда маълумот тўпланишини созлаш бўйича фойдаланувчиларга кўпроқ имкониятлар бериш талаб этилади. Шунақа мактублардан бири жорий йил февраль ойининг охирларида юборилган, аммо ҳали-вери операцион тизимда бу ўзгаришларнинг амалга оширилишига анча бор. Шундай экан, уни ўзимиз созлашимизга тўғри келади.

Қани, кетдикми?

Ўрнатилган Windows’ни созлаш

NetMarketShare сайти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб стол компьютерлари, ноутбук ёки планшетларнинг тўртдан бир қисмига Windows 10 тизими ўрнатилган. Мазкур кўрсаткич, табиийки, бундан кейин мунатазам тарзда ошиб боради.

Одатга кўра, ҳар бир янги қурилма мазкур тизим версияси ўрнатилган ҳолда чиқарилмоқда, демак, фойдаланувчиларнинг маълумотлари ўз-ўзидан йиғиб жўнатилади, махфийлик параметрлари эса Microsoft истагига кўра созланган. Хўш, уларни ўзимиз хоҳлаган тарзда ўзгартиришга асос бор эканми? Бошладик унда…

Маҳаллий аккаунтга ўтиш. Демак, созламаларни ўзгартиришни айнан шундан бошлаймиз – агарда сиз «булутли» аккаунт ёрдамида рўйхатдан ўтган бўлсангиз, Microsoft аккаунти (учётная запись Microsoft)дан воз кечиб, маҳаллий аккаунт (локальная учётная запись)га ўтамиз. Бунинг учун Windows’нинг «плиткасимон» бошқарув панелини очинг ва аккаунтларни акс эттирувчи «Учётные записи» бўлимига киринг. Ўша ердаги «Войти вместо этого с локальной учётной записью» ёзувини босинг.

Очилган ойнада ўзингизнинг Microsoft аккаунтингиз паролини киритинг, кейинги ойнада эса маҳаллий аккаунтингиз учун логин ва паролни созланг. Жараён якунига етгач, мазкур аккаунтдан ҳам чиқиб, қайта киришингиз таклиф этилади. Чиқиб, ҳозиргина ўзингиз яратган логин ва пароль ёрдамида қайтадан тизимга киринг. Мазкур операция мутлақо хавфсиз – у ишлаш учун Microsoft аккаунти ҳақидаги маълумотлар талаб этилмайдиган созламалар ва дастурларга тегинмайди.

Трекингни узиб қўйиш. Маҳаллий аккаунт ёрдамида тизимга киргач, яна бир нечта кераксиз опцияларни узиб қўйиш лозим. Бизга зарур трекинг созламалари «плиткасимон» бошқарув панелининг махфийлик, яъни «Конфиденциальность» бўлимида жойлашган. Чап томондаги кўрсатилган категорияларнинг барчасига бирин-кетин кириб, ортиқча жойларини ўчириб (узиб қўйиб) чиқинг. Айниқса, жойлашувни акс эттирган «Местоположение» категориясига эътибор беринг, унда узиб қўйиш тугмачаси «Изменить» тугмачаси орқали чақириладиган пастга очилувчи менюда жойлашган. Шунингдек, «Отзывы и диагностика» категорияси ҳам аҳамиятли, ундаги «Windows должна запрашивать мои отзывы» деган жойида «Никогда»ни танлаб қўйинг.

Махфийлик созламаларини бирёқли қилиб олгач, янгиланишлар ва хавфсизликни акс эттирувчи «Обновление и безопасность» бўлимига навбат келади. Ундаги «Защитник Windows» категориясида «булутли» ҳимоя – «Облачная защита» ҳамда намуналарни автоматик жўнатиш – «Автоматическая отправка образцов» созламаларини узиб қўйишингиз зарур. «Защита в реальном времени» бандини эса ўчирмасангиз ҳам бўлади: барибир у бироз муддат ўтгач қайта фаоллашади; тағин, у компьютерингизда антивирус ролини ўтайди.

Microsoft таъқибини камайтиришдаги яна бир қадам – қидирув сўровларининг ёзиб борилишини ўчириб қўйишдир. Бунинг учун топшириқлар панелидаги қидирув белгичасини босинг, кейин эса созламаларни англатувчи шестерняча кўринишидаги пиктограммани босинг. Шу ердаги иккала ўчириб-ёқиш тугмачасини ҳам «Выкл» ҳолатига келтиринг. Агар сизга иш столингизда қидирув функцияси туриши керак бўлмаса, мазкур белгичани умуман олиб ташласангиз ҳам бўлади: бунинг учун топшириқлар панелида сичқончанинг ўнг тугмачасини босиб, кейин «Поиск | Скрыто»ни танласангиз бас.

Телеметрияни узиб қўйиш. Windows интерфейсида телеметрияни созлаш кўзда тутилмаган, аммо, бахтимизга, уни буйруқлар қатори орқали узиб қўйиш имкони мавжуд. Бунинг учун «Пуск» тугмачаси устида сичқончанинг ўнг тугмачасини босиб, «Командная строка (администратор)» бандини танланг. Кейин эса очилган UAC ойнасида ўз ҳаракатингизни тасдиқланг.

Буйруқлар қатори ойнасида айни кетма-кетликда қуйидаги буйруқларни киритинг, уларнинг ҳар биридан кейин Enter тугмачасини босиб борасиз:

sc delete DiagTrack

sc delete dmwappushservice

echo «« >

C:\ProgramData\Microsoft\Diagnosis\ETLLogs\AutoLogger\AutoLogger-Diagtrack-Listener.etl

reg add HKEY_LOCAL_MACHINE\SOFTWARE\Policies\Microsoft\Windows\DataCollection /v AllowTelemetry /t REG_DWORD /d 0 /f

Агарда ҳаммасини тўғри бажарсангиз, тизимнинг жавоблари компьютерингиз экранида худди қуйидаги скриншотдагидек акс этади:

Windows 10ни тўғри ўрнатиш

Агарда сиз ўз компьютерингиз ёки ноутбукингизга Windows 10 операцион тизимини «нолдан бошлаб» ўрнатмоқчи бўлсангиз, Microsoft томонидан маълумотлар тўплаб узатилишини айни мана шу босқичданоқ чеклаш имконияти мавжуд. Бунинг учун, ўрнатишнинг биринчи босқичи тугаллангач, Windows сизга «ишлаш тезлигини ошириш»ни («повысить скорость работы») таклиф қилади, бунинг учун у тавсия этган параметрларни қабул қилиб қўяқолишимизни сўрайди. Худди мана шу жойида ҳушёрлик кўрсатишимиз, буни қабул қилмаслигимиз ҳамда созламалар учун «Настройка» тугмачасини босишимиз шарт. Шунда очилган экранда, барча таклиф этилган бандларни ўчириб чиқишимиз лозим.

Айни шу операцияни созламаларнинг кейинги иккита босқичида ҳам амалга оширамиз:

Шундан кейин Windows сизга Microsoft аккаунтингиз орқали киришни, агар йўқ бўлса яратишингизни таклиф этади. Бироқ бунга амал қилманг ҳамда сезилар-сезилмас бўлиб турган «Пропустить этот шаг» – бу қадамни ўтказиб юбориш функциясини босинг. Сўнг эса маҳаллий аккаунт учун логин ва пароль киритамиз. Киритилган логин ва паролнинг тўғрилигини тасдиқлаганимиздан сўнг Windows’нинг дастлабки созлаш ишлари якунига етади ва иш столи очилади.

Хулоса

Мазкур йўриқномага амал қилиш орқали Microsoft’нинг чангалидан буткул озод бўлишингизга барибир кафолат берилмайди. Аммо, шу тизимда қолишни хоҳлаган экансиз, лоақал серверга юбориладиган маълумотлар ҳажми анчагина қисқаради. Бироқ ёдда тутинг: Windows’нинг Anniversary Update сингари айрим йирик янгиланишларидан сўнг баъзи бир созламалар яна ўз ўрнига қайтиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун баъзи-баъзида, айниқса янгиланишлардан кейин юқоридаги амалларни яна бир мартадан такрорлаб чиқишга эринманг.

Агарда бу масалага узил-кесил нуқта қўйишни истасангиз, у ҳолда Windows 10’нинг корпоратив вариантини харид қилиб, ўрнатишингизга тўғри келади. Унда телеметрия созламалари унинг ўз штатли воситалари орқали амалга оширилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!