Windows 10 учун 7 та ишончли антивирус

  •   DiMaX
  •  3915
  •  14.04.2017 12:48

Windows 10 учун 7 та ишончли антивирус

Бугунги кунда интернет фойдаланувчиси учун хавфлар бисёр: фишинг сайтлари, спам-тарқатмалар, зарарли дастурий таъминот, троянлар… Антивируслар уларнинг кўпчилигига қарши курашишга қодир. Замонавий антивирус – ҳимоя воситаларининг бутун жамланмаси сифатида қуйидаги модулларга эга бўлгани маъқул:

  • файллар антивируси;
  • фаол ҳимоя;
  • тармоқ ҳужумларидан ҳимоя;
  • почта фильтри;
  • хавфсиз веб-сёрфинг;
  • ота-оналар назорати.

Қуйидаги антивируслар мазкур функцияларга у ёки бу даражада эга бўлиб, аксарият таҳдидлардан сизни сақлай олади.

Kaspersky Total Security 2017

Ҳозирда Windows учун энг оммалашган антивирус. Унда барча турдаги фойдаланувчилар – хусусийларидан то йирик бизнес вакилларигача ҳаммаси учун мос келувчи жиҳозлар жамланган.

Kaspersky Security Network тизимида бепул иштирок этсангиз, компьютерингиздаги ҳар қандай шубҳали файл текширув учун «булутли» сервисга юборилади. Шу тариқа, кўплаб фойдаланувчилардан келган зарарли фойлларнинг улкан базаси яратилади.

Дастур тушунарли график интерфейсга эга, шунингдек уни буйруқлар қатори орқали ҳам ишлатиш мумкин.

McAfee Total Protection 2017

Ушбу маҳсулотнинг ажойиб хусусияти –  Intel томонидан тақдим этилган True Key пароллар менежеридир. Унда турлича аутентификация усуллари қўлланади, жумладан – бармоқ излари ёки юз сканери ҳам.

Шунингдек, Total Protection’нинг асосий қисмлари антивирус сканери ва почта ҳимояси саналади. WebAdvisor воситаси зиёнкор payload’ларнинг юкланишини текширади ва шубҳали URL-манзилларни аниқлайди. Электрон почтангизни захира нусхалаш модули ҳам мавжуд.

Мазкур антивирус қисман бепул дастурларга қўшимча сифатида ўрнатилади, аммо бунда ишлаш вақти бўйича чекловга эга.

ESET Internet Security 10

Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, ESET Internet Security 10 ёрдамида ҳар бир текширув аввалгисига нисбатан кўра тезроқ амалга оширилади, бу эса хурсанд қиларли натижадир.

Антивирус сиз уланган тармоқни текшириб, барча фаол қурилмаларни кўрсатувчи диаграмма яратиб бера олади. Шунингдек, бу дастур ёрдамида ўз маршрутизаторингизни заиф жойлари бор-йўқлигига кўра текшириб бериши мумкин. Ҳозирда уй маршрутизаторларидан иборат бот-тармоқлар сони ошиб бораётганини инобатга олсак, бу функция жуда ҳам фойдали.

Дастур зарар етказувчи ҳаволаларни блоклай олади, фишинг сайтларини аниқлайди, спамларни блоклаб, электрон почта ичини ҳам текшира билади. Шунингдек, ESET Internet Security 10 веб-камеранинг ҳимоясини ҳам таъминлайди.

Norton Security

Norton Security ота-она назорати технологиясидан ва «булутли» қўллаб-қувватлашдан фойдаланади. Шунингдек, ундаги SONAR Protection модули дастурларни ишга тушиш жараёнидаёқ текшириб, зарарлиларини аниқлайди. Ҳужумларнинг олдини олиш модули эса тармоқдан бўладиган ҳужумларга тўсиқ қўяди.

Дастурда интеграциялашган пароллар менежери, шунингдек, браузер ҳимоячиси ҳам мавжуд. Булардан ташқари, интернетдан юклаб олинаётган файлларни ҳам таҳлил этади ва текширувдан сўнг уларнинг хавфсизлиги ҳақидаги ҳисоботни акс эттиради.

Ушбу дастурнинг яхши жиҳатларидан бири – унда дисклар оптимизатори мавжуд. Мазкур жиҳоз дисклардаги маълумотларни дефрагментация қилиб, уларга кириб борилишини осонлаштиради ва натижада компьютернинг иш самарадорлиги ошади.

Bitdefender Total Security 2017

 Bitdefender компаниясининг антивируси қурилмангизни троянлар, руткитлар, «қурт»лар, реклама дастурлари ва спамлардан сақлайди. Шунингдек, у орқали барча қурилмаларингизни бошқариш учун марказий аккаунт оласиз.

Bitdefender Total Security 2017’да сўров бўйича текшириш, зарарли URL-манзилларни чеклаш ва фишингдан ҳимоялаш каби функциялар мавжуд. Шунингдек, ундаги Bitdefender Autopilot автоматик режими жуда қулай. Уни ёқиб қўйсангиз, дастур сизнинг иштирокингизсиз ҳам хавфсизлик борасида энг мақбул қарорлар қабул қилиб, керакли пайти шубҳали жойларни ўзи текшириб чиқаверади.

Avast Internet Security

Avast Internet Security – жосус дастурлар, вирус ва спамлардан ҳимояланиш учун универсал ечимдир.  Ундаги SafeZone технологияси ҳимояланган муҳитдаги виртуал иш столи яратишга ва хавфсизлик ҳақида ўйламасдан интернетдан фойдаланишга имкон беради. Компьютердаги бошқа бирорта дастур бу виртуал иш столига кира олмайди.

«Қумдон» (песочница) функцияси эса бирор дастурни унинг фаолиятини текшириш учун ишга тушириш имконини тақдим этади. FileRep «булутли» функцияси эса файлларнинг репутациясини текшириб, уларнинг ҳақиқийлигини аниқлаб беради.

Windows Defender

Аввал Microsoft AntiSpyware сифатида танилган Windows Defender («Windows ҳимоячиси») – spyware-модулларни аниқлаш, йўқ қилиш, карантинга жойлаш ва пайдо бўлишининг олдини олиш учун Microsoft компанияси томонидан яратилган дастур. У сукут бўйича Windows XP, Windows Server 2003, Windows Vista, Windows 7, Windows 8 ва Windows 10 операцион тизимлари таркибига киритилган.

Агарда «Хавфсизлик маркази» Windows 10 тизимида бошқа антивирус ўрнатилганини аниқласа, «Ҳимоячи» автоматик тарзда узиб қўйилади; агар бошқа антивирус бўлмаса, у ўз-ўзидан фаоллашади.

Хўш, сиз компьютерингизнинг ҳимоясини қайси дастурга ишониб топширгансиз?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!