Windows 10’да папкани пароллашнинг иккита бепул ва осон йўли

  •   DiMaX
  •  3454
  •  20.04.2020 13:44

Windows 10’да папкани пароллашнинг иккита бепул ва осон йўли

Компьютерингиздаги шахсий ҳужжатларингиз, расм ва видеоларингиз, исталган турдаги бошқа файлларингизни бегона кўзлардан асрамоқчимисиз? Бунинг яхши усулларидан бири – уларни битта жилд (папка)га жойлаб, унинг ўзини пароллаб қўйишдир.

ЎҚИНГ: Windows’га пароль қўйиш ва уни олиб ташлаш

Windows 10 тизимли компьютер ёки ноутбукда жилдга парол ўрнатишнинг иккита осон ва асосийси – буткул бепул усули мавжуд. Биринчиси – папкани бутунича архивлаб, архивнинг ўзига парол тайинлаб қўйиш ҳисобланади. Замонавий архиватор дастурларнинг барчаси парол билан ҳимояланган архив ярата олади, масалан – классик WinRAR ҳам. Қуйида биз ушбу жараённи бепул 7-Zip архиватори мисолида кўрамиз.

Ушбу дастурни расмий сайтидан мана бу ҳавола орқали юклаб олиб ўрнатгач, яшириш керак бўлган файлларингизни битта жилдга соласиз. Кейин исталган файл менежерида (ёки проводникда) ўша папка (истасангиз – битта файлнинг ўзи) устига бориб, сичқончанинг ўнг тугмачасини босасиз.

Очилган контекст менюсида 7-Zip бандини, кейин эса «Добавить к архиву»ни танлайсиз.

ЎҚИНГ: Энг зўр пулли дастурларнинг бепул аналоглари

Очилган 7-Zip ойнасида сиз яратилаётган архивнинг номи, формати ва шифрлаш параметрларини белгилашингиз мумкин бўлади, архиваторнинг ўз формати – 7z турини танлайсиз. Паролни киритасиз ва, агарда паролни термагунча файллар номи ҳам кўринмаслигини истасангиз – «Шифровать имена файлов» бандини ҳам белгилаб қўясиз.

Кейин «ОК»ни босиб, архивлаш тугашини кутасиз; жараён якунига етгач, архивни ўша парол билан очиб, ичидаги файллар бутунлигига ишонч ҳосил қиласиз. Кейин эса дастлабки жилдни (ёки файлни) ўчириб юбориб, фақат унинг архивини қолдирасиз, файлларингиз ҳам яширилади, компьютерингизда жой ҳам тежалади.

Папкани бундай усулда яширишнинг салбий томони шундаки, оддий жилд билан ишлашдан кўра архив билан ишлаш ноқулайроқ. Тўғри, архивга янги файлларни қўшиш ва уларни ўзгартириш имкони бор, лекин архиватор ҳар гал ундаги маълумотларни янгилаб қўйишни сўрайди. Яхшиси – жилдни архивдан чиқариб, ичидаги керакли ўзгартиришларни амалга оширгач, қайтадан парол билан архивлаб, эскисини ўчириб юборган маъқул. Лекин ижобий жиҳати – бундай архивни почта ёки мессенжерлар орқали бировга юбориш ҳам осон ва қулай: ҳам ҳажми кичик бўлгани учун трафик кам сарфланади ва тез узатилади, ҳам паролли бўлгани учун унга тасодифан кўзи тушган бегоналар ўқий олмайди.

ЎҚИНГ: Android’да иловаларга пароль қўйиш учун 5 дастур

Жилдларни пароллашнинг иккинчи усули – русча интерфейсли ва бепул Anvide Seal Folder дастуридан фойдаланишдир. Унинг ўрнатилувчи файлини ёки zip-архивдаги портатив версиясини мана бу ердан юклаб оласиз.

Дастурни очгач, «+» белгисини босиб, керакли папкани сичқонча билан белгилаб оласиз.

Кейин эса жиҳозлар панелидаги қулф белгичасини ёки клавиатурангиздаги «F5» тугмачасини босасиз. Очилган ойнада тегишли майдончада паролни териб, сўнг тасдиқлайсиз.

Anvide Seal Folder дастурида пароллашнинг яхши томони шундаки, бунда папка нафақат қулфланади, балки оддий файл менежерларида, «Проводник»да кўринмай ҳам қолади! Уни қулфдан чиқариш учун яна эса Anvide Seal Folder орқали ўша жойга кирасиз – яширилган жилд кўриниб туради. Белгилаб олиб, очиқ қулф белгичасини ёки «F9» тугмачасини боссангиз папка яна кўриниб қолади.

ЎҚИНГ: Windows 10’даги 9та муҳим созлама

Компьютерингизда бошқа бировлар Anvide Seal Folder дастурини очиб, яширган жилдларингизни кўрмасликлари учун, унинг ўзини ҳам қулфлаб қўйиш имкони бор. Бунинг учун дастур бош ойнасида юқори чап бурчакдаги қулф белгичасини босасиз ва парол ўрнатасиз – энди уни ўзингиздан бошқа ҳеч ким ишга тушира олмайди.

Шунингдек, Anvide Seal Folder созламаларида ҳимоя даражасини ошириш ҳам мумкин – файллар номлари ва ичидагиларни шифрлашни жорий этса бўлади. Бироқ бу усул жилдни яшириш жараёнини секинлаштиради.

ЁДДА ТУТИНГ: агар Windows’ни қайтадан ўрнатишга тўғри келса, олдин Anvide Seal Folder ёрдамида яширилган барча жилдларни қулфдан чиқаринг, акс ҳолда улар ўчиб кетиши мумкин.

ЎҚИНГ: Windows’ни флешканинг ўзига ўрнатиб олиб, исталган компьютерда ишга туширамиз!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!