Windows’га пароль қўйиш ва уни олиб ташлаш

  •   DiMaX
  •  6149
  •  01.04.2017 17:50

Windows’га пароль қўйиш ва уни олиб ташлаш

Операцион тизимни пароль билан ҳимоялаш яхши, албатта, аммо баъзан у ноқулайликларга ёки ҳатто муаммоларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, Windows тизимида турли ҳолатларда пароль билан ишлаш йўлларини ўрганиб қўйсак зарар қилмайди.

Эътибор беринг: бу мақоладаги йўриқномаларнинг аксариятини бажариш учун сиз Windows локал аккаунтингиздан маъмур ҳуқуқлари билан фойдаланишингиз керак бўлади.

Компьютерга пароль ўрнатиш

Агарда компьютерингизга бошқалар рухсатингизсиз тегинмаслигини истасангиз, ундаги Windows тизимини пароль билан ҳимоялаганингиз маъқул. Шунда сизнинг созламаларингиз ва маълумотларингиз хавфсизликда бўлади. Ҳар гал компьютерни ёққанда, аккаунтни (учётная запись) алмаштирганда ва уйқу режимидан чиқарганда, Windows пароль сўрайди.

Унга пароль қўйиш усули эса тизимнинг турли версияларида сал фарқ қилади, шу боис улардан ҳар бирига тўхталиб ўтамиз.

Windows 10’га пароль қўйиш

  1. «Пуск» бўлимидан шестерняча шаклидаги «Параметры» бўлимига, ундан эса «Учётные записи»га кириб, «Параметры входа»ни танлайсиз.
  2. «Пароль» банди остидаги «Добавить»ни босасиз.
  3. Тизим кўрсатмаларига амал қилган ҳолда тегишли майдончаларни тўлдириб чиққач, «Готово»ни босинг.

Windows 8 ва 8.1 версияларида пароль ўрнатиш

  1. Ўнг ён панелдаги шестерняча шаклидаги «Параметры»ни босасиз, ундан «Изменение параметров компьютера»га кирасиз. Очилган ойна менюсида «Учётные записи» (ёки «Пользователи»)ни, сўнг эса «Параметры входа»ни танлайсиз.
  2. «Создание пароля» тугмачасини босасиз.
  3. Керакли майдончаларни тўлдиргач, «Далее» ва «Готово» тугмачаларини босинг.

Windows 7, Vista, XP версияларига пароль қўйиш

  1. Буларда «Пуск»ни босиб, «Панель управления»ни, кейин эса «Учётные записи пользователей»ни танлашингиз лозим.
  2. Керакли аккаунт (учётная запись)ни танлаб, «Создание пароля»ни босинг, ёки бирданига ўз аккаунтингизга пароль яратиш учун «Создание пароля своей учётной записи»ни босинг.
  3. Тизим кўрсатмаларига амал қилган ҳолда тегишли майдончаларни тўлдириб чиққач, «Создать пароль» тугмачасини босинг.

Windows’нинг барча версияларида кириш паролини бекор қилиш

Агар компьютерингизга бошқалар тегинишидан чўчимасангиз, у ҳолда сизга паролнинг кераги йўқ. Ҳар гал тизимни очганда паролни киритиб ўтирмаслик учун пароль ҳимоясини олиб ташласангиз ҳам бўлади. Буни эса қуйидагича амалга оширасиз:

  1. Windows + R тугмачаларини бирга босиб, буйруқлар сатрига netplwiz (ёки у ишламаса – control userpasswords2) сўзини ёзиб, Enter тугмасини босинг.
  2. Очилган ойнада мазкур тизимдаги аккаунтлар рўйхати кўринади; улардан қай бирининг паролини олиб ташламоқчи бўлсангиз, уни белгиланг, «Требовать ввод имени пользователя и пароля» банди ёнидаги галочка белгисини олиб ташланг ва ОK тугмачасини босинг.
  3. Чиққан ойнада паролни теринг, уни тасдиқланг ва яна ОK тугмачасини босинг.

Бу билан Windows фақат компьютерни ёқиш пайтидагина паролни сўрашни бас қилади. Аммо бу ҳолда кейинчалик сиз экранни блокласангиз (Windows + L тугмачалари билан), тизимдан чиқсангиз ёки компьютер уйқу режимига ўтиб қолса, барибир яна дисплейда пароль сўрови чиқаверади.

Агарда бу созламаларни ҳам ўзгартирувчи «Требовать ввод имени пользователя и пароля» опциясига кира олмасангиз ёки Windows паролини узиб қўйиш эмас, балки умуман ўчириб ташлашни истасангиз, у ҳолда тажрибалироқ фойдаланувчиларга мўлжалланган бошқа усулни қўллаб кўришингиз керак.

Бунинг учун эса, мақоламизнинг бошидаги йўриқномалардан бири ёрдамида аккаунтларни бошқариш бўлимини очинг. Агарда очилган бўлимда, сиз Microsoft онлайн-профилидан фойдаланаётганингиз (email ва парол орқали кириладиган) ҳақидаги ёзув чиқса, бу аккаунтни узиб қўйинг. Кейин эса тизим кўрсатмаларига амал қилган ҳолда локал профиль очинг, аммо бу жараёнда пароль майдончасини тўлдирманг.

Эътибор беринг: Microsoft аккаунтини узиб қўйганингиздан кейин тизим сизнинг турли компьютерларингиздаги созламаларингиз ва файлларингизни ўзаро синхронлашни тўхтатади. Шунингдек, айрим дастурлар ишламай қолиши ҳам мумкин.

Агарда аккаунтларни бошқариш менюсида бошиданоқ локал профиль фаол бўлса, у ҳолда жорий паролни ўзгартиринг, аммо бу жараёнда янги пароль киритиш майдончасини бўш қолдиринг. Агарда янги пароль ўрнатмасангиз, эскисини ўчириш жараёнида тизим уни қайта сўрамайди.

Уйқу режимидан чиқишдаги паролни олиб ташлаш

Агарда Windows’га кириш пайтида пароль сўрашни олиб ташласангиз ҳам, барибир «уйғониш»да, яъни уйқу режимидан чиқишда яна пароль сўрайверади. Бу функцияни энди қуйидаги йўриқномалар асосида алоҳида ўчиришингиз лозим.

Windows 10, 8.1, 8, 7 ва Vista’да «уйғониш» паролини олиб ташлаш

  1. Windows қидирув сатрига «Электропитание» деб ёзинг ва топилган шу номдаги бўлим ҳаволаси устига босинг. Ёки уни Бошқарув панели – «Панель управления»дан ўзингиз топсангиз ҳам бўлади.
  2. Бизга керакли бўлим – «Запрос пароля при пробуждении»ни, кейин эса «Изменение параметров, которые сейчас недоступны»ни босинг ва «Не запрашивать пароль» опциясини байроқча билан белгилаб қўйинг.
  3. Ўзгаришларни сақланг.

Windows XP версиясида «уйғониш» паролини олиб ташлаш

  1. Бошқарув панелидаги «Электропитание» бўлимини очинг.
  2. Чиққан ойнадаги «Дополнительно» варақасини босинг ва ўзгартиришингиз керак бўлган «Запрашивать пароль при выходе из ждущего режима» банди ёнидаги галочкани олиб ташланг.
  3. Ўзгаришларни сақланг.

Windows барча версияларида паролни буткул йўқотиш

Агарда паролингизни унутиб қўйиб, ўзингизнинг Windows маъмури сифатидаги локал профилингизга кира олмаётган бўлсангиз, операцион тизимни қайтадан ўрнатишингиз шарт эмас. Бундан осонроқ йўли бор – пароль ҳимоясини олиб ташлаш. Бунинг учун сизга бошқа компьютер, USB-флешка ҳамда паролни олиб ташловчи бепул утилита керак бўлади.

Бошқа компьютерда тизимни юкловчи флешка яратинг

  1. Исталган бошқа компьютерга Lazesoft Recover My Password дастурининг ўрнатилувчи файлини кўчириб олинг.
  2. Олинган файлни шу компьютерда ишга тушириб, ўрнатишни амалга оширинг.
  3. Компьютерга бўш флешкани уланг. Агарда флешкангизда бошқа файллар бўлса, уларни шу компьютерга кўчириб вақтинча сақлаб турсангиз ҳам бўлаверади – ишларни битказгач қайтариб оласиз.
  4. Lazesoft Recover My Password дастурини очиб, Burn Bootable CD/USB Disk Now! деган жойини босинг ва дастур кўрсатмаларига амал қилган ҳолда, ўрнатувчи флешка яратинг (бунда флешка ичидаги файллар ўчиб кетишини инобатга олинг).

Компьютерингизни флешка ёрдамида ёқинг

  1. Бошқа компьютерда тайёрланган ўрнатувчи флешкани паролини унутиб қўйганингиз – очилмаётган компьютерга тиқинг.
  2. Компьютерингизни ёқинг (ёқиқ бўлса – ўчириб-ёқинг) ва унинг юкланиш жараёнида BIOS созламаларига ўтиш тугмачасини босинг. Одатда бу F2, F8, F9 ёки F12 тугмачаларидан бири бўлади; бу эса қурилманинг ишлаб чиқарувчисига боғлиқ. Аксарият ҳолларда компьютер ёнаётганида, BIOS юкланиши жараёнида ўша тугмача номи экранда бошқа матнлардан кўра ёрқинроқ қилиб кўрсатилади.
  3. BIOS менюсида туриб, компьютернинг ёнишини созловчи Boot бўлимига ўтинг (кўп ҳолларда тизимнинг ўзи сизни бирданига ўша бўлимга ўтказади).
  4. Boot бўлимида экранда пайдо бўлган қурилмалар рўйхатидан флешкани биринчи ўринга қўйинг. Агар бунинг қандай бажарилишини билмасангиз, яхшилаб қаранг – ён томонда бошқариш бўйича кўрсатмалар бўлиши керак.
  5. Ўзгаришларни сақланг.

Агарда BIOS ҳам сизга номаълум пароль билан ҳимояланган бўлса, у ҳолда иложи йўқ – Windows паролини Lazesoft Recover My Password орқали олиб ташлай олмайсиз.

Ундай бўлмаса, BIOS интерфейси қандай бўлишидан қатъи назар, амалга ошириладиган ҳаракатлар кетма-кетлиги тахминан бир хил бўлади: Boot юкланиш менюсига кириш, биринчи манба сифатида керакли флешкани белгилаш ва ўзгаришларни сақлаш.

Шундан кейин компьютер Lazesoft Recover My Password утилитаси ёзилган флешкадан юкланади ва кейинги босқичга ўтасиз:

Lazesoft Recover My Password ёрдамида паролни йўқотиш

  1. Lazesoft Live CD (EMS Enabled)’ни танлаб, Enter тугмачасини босинг.
  2. Lazesoft Recover My Password кўрсатмалари ёрдамида ўз аккаунтингизнинг паролини олиб ташланг.
  3. Компьютерни ўчириб-ёқинг.

Шуларни амалга оширганингиздан кейин Windows сиздан эски паролни сўрашни бас қилади, сиз эса мақоламиз бошидаги йўриқномалар асосида янги пароль ўрнатишингиз мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.